Бухорода илк маротаба диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Пойи Калон мажмуасида ташкил этилган тадбир давомида сўзга чиққанлар диний таълим соҳасидаги эришилаётган ютуқлар ва ислоҳотлар ҳақида кенг тўхталди. Ушбу тадбир давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, билим ва дунёқарашини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, мазкур йўналишдаги ишларни кенг тарғиб этиш учун зарур шароитлар яратиш ташаббусининг амалий ижроси эканлиги таъкидланди.
Турнирда вилоятдаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабаларидан иборат 9 та (4 та қизлар, 5 та ўғиллар) жамоа ўзаро баҳслашди. Турнирнинг якуний натижаларига кўра, “Жўйбори Калон” ўрта-махсус ислом билим юртининг “Закиялар” жамоаси 4-ўринни, Мир Араб ўрта-махсус ислом билим юртининг “Абу Ҳафс Кабир” жамоаси 3-ўринни, Мир Араб олий мадрасасининг “Мир Араб олий қизлари” жамоаси 2-ўринни ва “Нақшбандия” жамоаси 1-ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндор жамоаларга қимматбаҳо совғалар ҳамда “Заковат кубоги” топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Эркин Мажидов иштирок этди.
Зариф Комилов,
ЎзА