“Диний радикализмнинг олдини олишда Қозоғистон тажрибаси“
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Қозоғистондаги “Нур Муборак” Миср ислом маданияти университети қошидаги “Диний экстремизмга қарши курашиш” маркази директори, исломшунос олим Аскар Сабдин томонидан давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Қозоғистондаги “Нур Муборак” Миср ислом маданияти университети томонидан имзоланган англашув меморандумига асосан ташкил этилмоқда.
“Диний радикализмнинг олдини олишда Қозоғистон тажрибаси“ (“Казахстанский опыт теологической дерадикализации”) мавзусида ўтказилган давра суҳбати ва маҳорат дарсларида Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, унинг вилоятлардаги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасадди ходимлари иштирок этди.
Бугун дунё аҳли муқаддас Ислом динининг нечоғлик маънавият, маърифатга йўғрилган дин эканини тобора теран англаб бормоқда. Аммо, айни шу вазиятдан ўзининг тубан мақсадлари йўлида қурол сифатида фойдаланишга ўринаётган айрим ғаразли кучлар ҳам кўпаяётгани афсусланарлидир, – дейди ўз нутқида Аскар Садбин. – Бунда эса ахборот технологиялари ютуқларидан фойдаланиб, ўз тарғибот-ташвиқот ишларини инсоннинг оддий маиший, иқтисодий ёки маънавий эҳтиёжи ва қизиқишларидан келиб чиқиб амалга оширилаётгани сабабли етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган кўпгина ёшларнинг “алдов тузоғи”га тушиб қолиш эҳтимоли ортмоқда.
Айниқса, мазкур жараёнлар бугунги Марказий Осиё давлатларида янги бир юксалиш босқичига қадам қўйилаётган ўзгаришлар даврида янада кескин тус олаётгани ўзига хос муаммоларнинг юзага келиш хавфини кучайтириши мумкиндир.
Бугунги давра суҳбатида диний экстремизм, радикаллашув борасида нафақат назарий, балки илмий ва амалий жиҳатдан ҳам янги билим ва тажрибаларни ўргандик, — дейди машғулот хусусида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, тарих фанлари доктори Илҳом Бекмирзаев.
— Дарҳақиқат, бугун ғаразли кучлар ҳам ўз тарғибот ишларини такомиллаштириб бораётгани эътиборлидир. Жумладан, интернет тармоқларида турли одоб-ахлоқ, оилавий юмушлар, иқтисодий муаммоларни ҳал этиш юзасидан, бир қарашда,гуёки маслаҳат бераётгандек таассурот қолдирадиган “telegramm”, “bot” каналлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги маълумотларнинг айрим қисмларда ўзларининг ғаразли ғоя ва қарашларини сингдиришга уринаётгани ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб берилгани бизни яна бир бор огоҳликка ундади.
Шунингдек, бу борада юртимизда амалга оширилаётган, яъни турли ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нотўғри ва нохолис ҳар қандай диний-маърифий, ижтимоий-сиёсий фикр-мулоҳозаларга тегишли давлат идораси ёки нуфузли шахс томонидан ўз вақтида раддиялар бериб бориш тамойили ўзини оқлаётганига иқрор бўлдик.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этилган мазкур ўқув семинар ўзининг долзарб мавзуси билан муҳим аҳамиятга эга, — дейди Наманган вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор ходими Икром Тожибоев. — Бугунги кунда диний радикаллашув муаммоси бутун дунё мамлакатлари ва жамоатчилиги учун катта таҳдид ҳисобланади. Шу боис унга қарши курашиш нафақат диний ташкилотлар балки ҳуқуқни муҳофаза этувчи ташкилотлар зиммасига ҳам муҳим вазифа юклайди. Чунки атроф-муҳитга радикал ёндошувчи шахснинг ўзи англамаган ҳолда ёнидагиларга зарар етказиб қўйиш хавфи доимо юқори бўлади. Шунинг учун бундай кимсалар билан мунтазам равишда психологик муолажалар, тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назарда, қозоғистонлик исломшунос олим Аскар Садбиннинг давра суҳбати давомида айни муаммо юзасидан Қозоғистон тажрибасини ўрганиш орқали, ўзимиз учун ҳам зарур хулосалар чиқардик.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда демократик тамойиллар устуворлигига, “Сўз эркинлиги” ва “Очиқлик, Шаффофлик” тамойилларига давлат бошқарувида катта эътибор қаратилмоқда. Энг асосийси, яқин ва узоқ қўшни ва ҳамкору ҳамдўст мамлакатлар билан ҳамкорлик, борди-келди алоқалари кенгаймоқда. Бу эса давлатларимиз ўртасидаги ўзаро иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш баробарида, айрим ғаразли кучларнинг ҳаракатланиши учун ҳам ўзига хос имконият яратиши эҳтимоли йўқ эмас. Шу боис бу ўринда халқимизнинг бирдамлиги, ҳақни ноҳақдан, оқни қорадан ажратиб олиши учун маънавий, илмий ва интеллектуал билим ҳамда тафаккурга эга бўлиши долзарб аҳамият касб этади.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Қозоғистондаги “Нур Муборак” Миср ислом маданияти университети қошидаги “Диний экстремизмга қарши курашиш” маркази директори, исломшунос олим Аскар Сабдин томонидан ўтказилаётган давра суҳбати 24 январь кунига қадар давом этади.