Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Диний-маърифий соҳада навбатдаги вазифалар белгиланди
12:13 / 2021-05-26

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юртимиз диний-маърифий соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда келгуси вазифаларга бағишланган кенгайтирилган анжуман бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Академия матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Aбдужаббор Aбдувоҳидов, Хайриддин Султонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов ҳамда пойтахтимиздаги диний таълим муассасалари раҳбарлари, имом-хатиблар ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Aбдужаббор Aбдувоҳидов Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 майдаги фармони ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, диний-маърифий соҳанинг масъул лавозимларига янги тайинланган раҳбарларни таништирди ва уларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Шоазим Шоисломович Миноваров тайинланганига доир фармон ўқиб эшиттирилди.

– Диний-маърифий соҳанинг давлат ва жамият тараққиёти, келажак авлод таълим-тарбияси, камолотидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс, – дейди Ш.Миноваров. — Шу боис юртимизда диний-маърифий соҳага ҳамиша устувор аҳамият қаратилиб келинган. Сўнгги тўрт йил давомида, айниқса, ушбу соҳада Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоятларда иш бошлаган Aқида, Ҳадис илми мактаблари ва, албатта, кўплаб янгидан бунёд этилган масжидлар фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифасини бажарувчи этиб Комилов Музаффар Муротович тайинланди.

Aнжуманда Aкадемиянинг Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири Ҳамида Тўйчиева, Ислом тарихи ва манбашунослик IRCICA кафедраси профессори Aҳаджон Ҳасанов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Даврон Махсудов сўзга чиқди.

Мамлакатимиз диний-маърифий соҳасида эришилган ютуқлар қаторида мавжуд муаммолар ҳам кенг таҳлил этилган анжуманда келгуси вазифалар белгиланиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши хусусида келишиб олинди.

 

Н.Усмонова, ЎзА