Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Диний бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт асоси
16:00 / 2024-11-14

Илм-фан – инсон камолотига пойдевор. Маърифат ва маънавият эса баркамоллик устунларидир. Зеро, қадим Шарқда таълим ва тарбия ҳеч вақт айро ёки бири иккинчисидан устун баҳоланмаган. Бу эса дунё тамаддунига тамал тошларини қўйган Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Имом Насафий, Ал-Фарғоний каби не-не довруғи дунёга достон улуғ қомусий алломалар бебаҳо меросида ҳам намоён.

Улуғ аждодларнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Буни мамлакатимизнинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларидаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030 стратегияси” асосидаги янгиланишлар том маънода, халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва мамлакат тараққиётида ўз бўй-бастини кўрсата бошлади.

Сўнгги етти йилда мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Эътиборлиси, 2017 йили 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади – барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка муҳим аҳамият қаратилган.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ҳамда ўз иқтидорини намойиш этиш, ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат ҳисобланади.

Таҳлилларга эътибор берсак, ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 2369 та диний ташкилот бўлиб, шундан 2171 таси исломий ва 198 таси ноисломий диний ташкилот ҳисобланади.

Сўнгги етти йилда республика бўйича жами 130 та диний ташкилот, шу жумладан, 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда 24 та турли конфессияга тааллуқли ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Маълумки, юртимиз азалдан маърифат маркази сифатида танилган. Шу боис юртимизда илмий-маърифий марказлар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Шунингдек, ўтган қисқа вақт оралиғида Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий ва Тошкент шаҳрида Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда ушбу илмий марказларда аниқ фанлар қаторида Ҳадис, Калом, Ақида, Тасаввуф, Фиқҳ каби илмлар бўйича чуқур тадқиқот ва изланишлар олиб борилмоқда. Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом институти, Имом Термизий номидаги ислом институти ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби сингари олий ўқув юртларида ҳам етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

2018 йилда эса ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди. Академия таркибидаги малака ошириш Маркази фаолиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилгани ҳам диний таълим соҳасида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, 2017 йилга қадар 3 та олий (1 та исломий 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кундаги ҳолатга кўра, республика бўйича жами 16 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 6 таси олий таълим беришга мўлжалланган, жумладан, Тошкент ислом институти, Имом Термизий номидаги ислом институти, Бухоро “Мир Араб” олий мадрасаси, Самарқанд “Ҳадис илми мактаби”, Тошкент православ ва Тошкент христиан семинарияларидир.

Бугунги кунда мазкур таълим муассасаларида ислом маърифатини тарқатиш, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш борасида кенг кўламли илмий-тадқиқотчилик фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, 2017-2024 йиллар давомида диний-маърифий меросимизни ўрганишга оид 220 та фалсафа фан номзодлиги ва Фан докторлиги илмий диссертациялари ҳимояси амалга оширилди.

Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан жами 600 дан ортиқ китоб, монография, халқчил рисола, роман нашр қилинди.

Замонавий исломшунослик масалаларига оид жами 250 та, жумладан, 173 та китоб, 52 та қўлланма, 25 та монография чоп этилди.

Мовароуннаҳрлик алломаларимиз маънавий меросига оид чет элларда чоп этилган мингга яқин номдаги китоблар юртимизга келтирилди. Улуғ алломаларимизнинг юртимиз ва хорижда сақланаётган меросига тааллуқли 10 000 дан ортиқ қўлёзма асарларининг электрон базаси шакллантирилди.

Яна бир эътиборли жиҳат: Сўнгги йилларда ноисломий конфессияларнинг тадбирлари юқори савияда ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархиясининг 145 йиллиги (2017 йил ноябрь) ва 150 йиллиги (2021 йил ноябрь), Арман апостоллик черковининг 120 йиллиги (2023 йил сентябрь), Ўзбекистон Библия жамиятининг 25 йиллиги (2018 йил ноябрь) ва 30 йиллиги (2023 йил сентябрь), Баҳоийлар диний жамоаси асосчиси Баҳоулла таваллудининг 200 йиллиги (2017 йил ноябрь), Боб таваллудининг 200 йиллиги (2019 йил ноябрь) ва Абдул Баҳо вафотининг 100 йиллиги (2022 йил январь) каби тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани – юртимиздаги тинчлик ва бағрикенгликнинг яққол намунаси десак, муболаға бўлмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Библия жамияти республикада христианлик диний йўналишлари учун диний мазмундаги материаллар билан таъминловчи ягона жамоатчилик маркази ҳисобланиб, муттасил равишда жаҳоннинг турли тилларида, шу жумладан, ўзбек тилидаги диний материалларни нашр этиш ва республика ҳудудига олиб киришни таъминлаб келади.

Жумладан, сўнгги йилларда ушбу жамият томонидан 20 турдан ортиқ диний мазмундаги адабиётлар тахминан 90 минг нусхада чоп этилган ва импорт қилинган. Буларнинг орасида “Муқаддас китоб” 20 мингга яқин, “Муқаддас китоб. Янги аҳд” ва “Янги аҳд” китоблари 5 мингга яқин нашрда чоп этилган.

Шу билан бирга, турли дин вакилларининг хориждаги муқаддас масканларни зиёрат қилишига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, 500 мингга яқин фуқаро Ҳаж ва Умра сафарига, 10 000 дан ортиқ фуқаролар Исроил, Россия, Грузия, Туркия каби давлатларда зиёратларни амалга оширди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар «Жаҳолатга қарши маърифат» деган эзгу ғояга асосланган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги таҳликали, зиддиятли замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлаётгани эътироф этилмоқда.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистони, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Миср, БАА, Туркия,  Малайзия, Индонезия сингари давлатларнинг диний соҳага масъул турдош вазирлик ва идоралари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда таълим муассасалари билан 125 дан зиёд ҳамкорлик меморандумлари имзолангани фикримизнинг яққол исботидир.

Ўз навбатида, 2017-2024 йилда республикамиздаги кўзга кўринган уламолар, диншунос ва исломшунос олимлар ҳамда тадқиқотчиларнинг Туркия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Миср, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Афғонистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон билан ҳамкорликда ташкил этилган 400 дан ортиқ тадбирларда иштирок этди.

Шу билан бирга, нуфузли халқаро ислом ташкилотлари раҳбарлари, таниқли диний уламоларнинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди. Хусусан, АЙСЕСКО, ИРСИКА, КОМСТЕК, Ислом тараққиёт банки, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Малайзия Исломни англаш институти, Умумжаҳон сўфийлар маркази, Саудия Арабистони Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази, Ҳиндистон ислом маданияти маркази ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар раҳбарлари мамлакатимизда бўлишди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари ҳамиша тараққий этган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлгани табиий. Шунинг учун бугунги кунда ҳам ўлкамизда турли халқлар урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланиб бормоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифат соҳасида олиб борилаётган ўткир сиёсат том маънода, дунё мамлакатларида тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг асоси бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Содиқ ТОШБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси.

ЎзА