Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Диний бағрикенглик – миллатлараро мулоқотнинг самарали воситаси
20:47 / 2025-11-15

Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) кўмагида “Халқ дипломатияси ва диний бағрикенглик – миллатлараро мулоқотнинг самарали воситаси: Янги Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Анжуманда тегишли вазирлик, идоралар, нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, илмий доиралар, миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирни очиб берган Қўмита раиси ўринбосари Олим Нарзуллаев диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бугунги кунда нафақат мамлакат барқарорлигини таъминлаш, шу билан бирга жаҳон ҳамжамияти олдида Янги Ўзбекистоннинг очиқ ва бағрикенг давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда ҳар бир фуқарога ўз эътиқоди асосида яшаш ва ривожланиш учун кенг имконият яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этди.

Марказ директори Қобилжон Собиров давра суҳбатининг мақсади динлараро мулоқот ва халқ дипломатияси орқали ўзаро англашувни кучайтириш, тинч ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш эканига урғу берди. Шунингдек, муассаса томонидан айни йўналишда қатор амалий ишлар қилинаётгани, аниқ лойиҳалар илгари сурилаётгани, шу орқали динлараро мулоқот ва ўзаро англашув маданиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшилаётганига тўхталди.

ЖИДУ профессори Эътибор Султонова Халқ дипломатияси – нафақат расмий мулоқот воситаси, балки халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамловчи кучли маданий ва маънавий кўприк экани, диний бағрикенглик эса ана шу кўприкни барқарор ва мустаҳкам ҳолда сақлаб туришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланишига эътибор қаратди. Янги Ўзбекистонда бу жараён фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигида самарали амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Тадбир якунида динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий таълим самарадорлигини ошириш, маданият ва цивилизациялар мулоқотини кенгайтириш ҳамда халқ дипломатияси механизмидан фойдаланиш орқали жамиятда бағрикенглик маданиятини ривожлантиришга доир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, халқ дипломатияси ва диний бағрикенгликни ривожлантириш – тинчлик, барқарорлик ва маънавий бирдамликни таъминлашнинг муҳим омили. Шу нуқтаи назардан айни йўналишда илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида бағрикенглик қадриятини кенг тарғиб этиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА