Кейинги пайтда тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётгани ушбу соҳада дастлабки натижаларга эришишга имконият яратмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу тизим ривожи учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур қарор билан юртимизда тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш тадбирлари кўрилмоқда. Хусусан, республикамизда айнан шу талаблар асосида замонавий санаторийларнинг барпо этилаётгани фикримиз исботидир.
2021 йилда пойтахтимиздаги Юнусобод тумани ҳудудида ўз фаолиятини бошлаган “Chinobod plaza sanatoriysi” масъулияти чекланган жамият улардан бири. У жаҳон стандартлари талабларига ҳар жиҳатдан жавоб бера оладиган соғломлаштириш маскани ҳисобланади.
ЎзА мухбирининг “Chinobod plaza sanatoriysi” МЧЖ директори Дилноза МУСАЕВА билан суҳбати ушбу маскан фаолияти ва қисқа муддатда эришилган натижалар, унинг қайси касалликларни даволашга ихтисослашгани ҳамда бу ерда яратилган шарт-шароит ҳақида бўлди.
– Аввало, ҳар бир мақсадли иш халқимиз манфаати ва уларнинг соғлом ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – деди Д.Мусаева. – Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун қайси тизимга қараманг, уларда янгича ишлар тартиблари ва ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Худди шу каби соғлиқни сақлаш тизими, соғломлаштириш марказлари, санаторийлар фаолиятида ҳам катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Соғломлаштириш тизими ҳақида гап кетганда, уларда замон талаби даражасида қулайликлар яратиш, замонавий тиббий ускуналарга эга бўлиш ва тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатимизда соғломлаштириш марказ ва санаторийлар иши бўйича ўзига хос тажриба тўпланган. Бугун фаолият юритаётган ҳар бир соғломлаштириш масканларида ана шундай тажриба ва янгиликларни кузатишимиз мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 апрелдаги қарорига асосан республикамизда тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришда кенг йўл очиб берди. Мазкур қарор ижросини таъминлашда бир қатор масканлар қатори “Chinobod plaza санаторийси” МЧЖ фаолияти ҳам бунга яққол мисолдир.
– “Chinobod plaza” санаторийси қайси касалликларни даволашга ихтисослашган ва бу ерда дам олувчилар учун қандай қулайликлар яратилган?
– Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 2020 йил декабрь ойида санаторий қуриб битказилган. У 2021 йил 4 январда тантанали равишда очилди.
Санаторий ошқозон-ичак касалликларини даволашга мўлжалланган. Бу ердаги натрий гидрокорбанадли минерал суви муолажалардан муҳим бўлиб, у инсон организмининг ошқозон-ичак аъзолари фаолиятини яхшилайди. Қандли диабет касаллигида ҳам ижобий фойда беради. Бундан ташқари, санаторийда неврологик, эндокринологик, гинекологик каби касалликларни даволаш хизмати йўлга қўйилган.
Санаторий 144 ўринли бўлиб, унда стандарт, катта стандарт, полулюкс, люкс хоналар мавжуд. Ҳар бир хона замонавий ва ўзига хос дизайнга эга. Зарур жиҳозлар ва мебеллар хоналарга янада кўркамлик берган. Дам олувчилар учун бассейн, соғломлаштириш жисмоний машғулотлари, фитобар сингари бўлимлар мунтазам фаолият олиб боради.
– Таъкидлаганингиздек, санаторий ходимлари ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Улар доимий изланишда. Ана шундай изланишлар самарасида “Chinobod plaza” санаторийси “беш юлдуз” мақомини олишга муваффақ бўлибди. Бу мақом ушбу соғломлаштириш маскани ва дам олувчилар учун қандай имкониятларни беради?
– Дарҳақиқат, жорий йилнинг 12 март куни санаторий жамоаси учун катта янгилик бўлди, яъни “Chinobod plaza” санаторийси “беш юлдуз” мақомини қўлга киритди. Шу куни Ўзбекистон Республикаси тиббий туризм ассоциацияси масъуллари ва санаторий ходимлари иштирокида тантанали тадбир ўтказилиб, бизга санаторий “беш юлдуз” мақомига эга бўлганлиги ҳақида сертификат топширилди.
Очиғини айтганда, ушбу мақомга эга бўлиш осон эмас ва унинг ўзига хос талаблари мавжуд. Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси тиббий туризм ассоциацияси томонидан индикаторлар берилди. Ассоциация ходимлари санаторий фаолиятини 76 мезон бўйича аккредитациядан ўтказди. Шу мезонлардан тўрттаси санаторийда узрли сабабларга кўра ташкил этилмаган эди. Масалан, тиббий туризмни ривожлантириш бўйича веб-сайт ва уч тилда буклетлар мавжудлиги талаб этилади. Биз буклетларни фақат ўзбек тилида тайёрлаган эдик. Тез орада сайт ва буклетлар чиқардик, зарур жиҳозларни олдик. Ассоциациянинг навбатдаги аккредитациясидан муваффақиятли ўтишга муваффақ бўлдик.
Мазкур ассоциациянинг фаолияти тиббий туризмни ривожлантиришда алоҳида ўрни бор. Чунки бу ташкилот “беш юлдуз” сертификатини олган санаторийлар ишини ўз веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда нафақат мамлакатимиз, балки хорижий мамлакатлар аҳолисини жалб қилиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради.
[gallery-6158]
– Санаторий қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда?
– “Chinobod plaza” санаторийси ўз ишини бошлаганига атиги бир йил бўлди. Бу тажриба орттириш ва дам олувчиларни жалб қилиш учун оз ва қисқа муддат ҳисобланади. Шу сабабли, бизнинг ишончли ва ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи ташкилот, бу – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва унинг тизимидаги кенгаш ҳамда уюшмалардир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси тиббий туризм ассоциацияси каби ташкилотлар ҳам ҳамкорларимиз саналади. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистондан делегациялар келиб, санаторий фаолияти билан яқиндан танишди.
Айтиш жоизки, санаторий фаолияти учун бир йиллик вақт унинг жамоасини ҳар жиҳатдан изланиш ва бошқа дам олиш масканлари ишини ўрганиш талабини қўймоқда. Бу ишда бизга яқиндан кўмак бераётган ҳамкорларимизга ва тажрибали мутахассисларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
“Chinobod plaza” санаторийси республикамиз ва хорижликларнинг энг севимли дам олиш масканига айланишига ишонамиз.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.