Теннис бўйича миллий ҳакамимиз Дилмурод Шерматов “ITF Officiating” халқаро мактабида таълим ва имтиҳонларни муваффақиятли якунлаб, “White Badge” малакасига эга бўлди.
“White Badge” Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан назарий билим ва кортдаги амалиёт натижаларига кўра бериладиган расмий даража бўлиб, ҳакамга ITF халқаро турнирларида “Chair Umpire” (бош ҳакам, “вишкали” ҳакам) сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини беради. Бу ITF ҳакамлик карьерасининг илк расмий босқичи ҳисобланиб, кейинги даражаларга кўтарилиш учун асос бўлади.

Шунингдек, мамлакатимизда “White Badge” даражасидаги ҳакам бўлиши мамлакатимизда кадрлар салоҳиятини оширади. Ўзбекистонда ўтказиладиган турнирлар сифатини ва стандартларини яхшилайди. Бу, ўз навбатида, бошқа мамлакатлар билан тажриба алмашиш дастурларини мустаҳкамлайди.
Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда икки нафар ҳакам халқаро тоифани қўлга киритгани эътиборга молик.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА