French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дилларни ва элларни бирлаштирган адиб
22:19 / 2023-12-05

Фарғона давлат университетида жаҳон адабиётининг йирик вакили Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган “Чингиз Айтматов ва жаҳон адабиёти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўш ва Баткен давлат университетлари, Б.Сидиков номидаги Қирғиз-ўзбек халқаро университети, Ўш давлат педагогика университети ректорлари ҳам қатнашди. Шунингдек, фарғоналик ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, адабиёт мухлислари иштирок этди. 

Анжуманни Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов очиб берди. Барча меҳмонлар ва қатнашчиларни табриклар экан, анжуман ишига муваффақият тилади.  

– Чингиз Айтматов нафақат қирғиз халқининг, балки бутун Шарқу Ғарб халқларининг ҳам севимли ёзувчисидир. У яратган асарлар инсониятни эзгуликка, тўғриликка, ҳалоллик ва меҳр-саховатга, меҳнатсеварлик ва самимиятга ундаши билан умрбоқий ва ўлмасдир, – деди Б.Шермуҳаммадов. – У ўз асарлари билан халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Реалистик прозанинг барча имкониятларидан самарали фойдаланиб, жаҳон адабиётининг бадиий такомилига сезиларли таъсир ўтказа олган адиб асарлари ўзбек китобхонлари учун ҳам қадрли ва севимлидир. 

Анжуманда таъкидланганидек, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Меҳнат ва Қирғиз Республикаси Қаҳрамони Чингиз Айтматовнинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Биринчи муаллим”, “Сомон йўли”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема” ва бошқа асарлари ўзбек китобхонларга яхши таниш. Шу билан бирга, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” каби асарларида наинки бир халқ, балки бутун инсониятга тааллуқли долзарб масалалар бош мавзу сифатида кўтарилган. Унинг асарлари дунёнинг 170 дан ортиқ тилларига таржима қилинган, чоп этилган китоблари адади 80 миллиондан ошади. Ёзувчининг қарийб ҳамма асари ўзбек тилида нашр этилган. 

Анжуман қатнашчилари – ўзбекистонлик ва қирғизистонлик олимлар, талабалар, ижодкорлар адибнинг жаҳон адабиётидаги салмоқли ўрни ва асарлари, уларда илгари сурилган инсонпарвар ғоялар, адиб ижодининг бугунги кундаги аҳамияти хусусида фикр билдирди. 

– Бугунги анжуман кўтаринки руҳда ўтаётгани, тадбирнинг намунали ташкил этилганидан мамнунман. Бунинг учун раҳбариятга, университет ректорига миннатдорчилик билдираман. Маърузалар ва мутахассислар фикрлари ҳам мазмунан бой бўлди, – деди Ўш давлат университети профессори, филология фанлари доктори Капар Зулпукаров. – Бир вақтлар Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси Президенти бўлиб ишлаган Чингиз Айтматов таъкидлаганидек, қардош ҳамкасблар учун таржимон ҳам зарур бўлмади. Биз бир-биримизни жуда яхши тушунамиз, мақсадларимиз ҳам муштарак. Айтиш мумкинки, буюк ёзувчининг ўлмас мероси халқаро бирдамлик, дўстлик ва тинчликка хизмат қилаверади.     

Халқаро анжуман доирасида Фарғона давлат университети ҳамда Ўш давлат педагогика университети, Баткен давлат университети, Ўш технологиялар университети, Қирғиз-ўзбек халқаро университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан ўтказилган турли танловлар ғолиблари тақдирланди. Шунингдек, қирғиз ва ўзбек халқлари қардошлиги рамзи сифатида олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида “Дўстлик дарахти” қадалди. Куннинг иккинчи ярмида вилоят драма театрида адибнинг “Жамила” қиссаси асосида тайёрланган спектакль намойиши бўлиб ўтди.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири.