Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дилларни бирлаштирган “Уч авлод учрашуви”
07:35 / 2024-08-30

Наманган вилояти судида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.

Бутун ҳаётини эл-юрт хизматига бахшида қилган инсонларнинг хотираси абадий, қадри муқаддас. Улар гарчи орамизда бўлмасалар ҳам босиб ўтган умр йўллари, қолдирган эзгу амаллари кўплар учун ибрат мактабидир. Мазкур тадбирга, турли йилларда вилоят суд идораларида фаолият олиб борган марҳум судьяларнинг оила-аъзолари, шогирдлари, ҳамкасблари таклиф этилди.  

Вилоят суди раиси Алишер Усмонов ўтганларни ёд этиб, уларнинг эзгу фазилатлари, касбга бўлган садоқатларини хотирлади. Ўтганлар хотирасига бағишланган видеоролик намойиши эса барчанинг қалб тубидаги ҳис-туйғуларни, диллардаги хаяжонларни тилларга кўчирди.  

Тадбирда фахрийлар кейинги йилларда мамлакатимизда суд идоралари ҳамда судьяларга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб, бу жараёнларда айниқса, тизимда кўп йиллар ишлаган кексаларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўз юритди. Бугунги “Уч авлод учрашуви”, хотира тадбири ҳам бунинг ёрқин ифодаси эканлиги айтиб ўтилди.  

Шунингдек, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган, айни кунларда қутлуғ 60 ёшга тўлган Нурилло Аббосовга эҳтиром кўрсатилди.

Уч авлод вакилларини бирлаштирган учрашувнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда жорий йил Наманган вилоятидан Судьялар олий мактабига ўқишга қабул қилинган 12 нафар ёшга оқ йўл тиланди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.