Дилбар ва барҳаёт сатрлар соҳиби
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Бобур ва мусиқа” номли маъруза машғулоти асосида очиқ дарс бўлиб ўтди.
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Бобур ва мусиқа” номли маъруза машғулоти асосида очиқ дарс бўлиб ўтди.
Унда мазкур олий таълим даргоҳининг мусиқий-назарий фанлар кафедраси профессори, санъатшунослик фанлари доктори Оқилхон Иброҳимов ўз тадқиқотлари натижалари хусусида маълумот берди.
Мусиқашунос олимнинг XIV-XVI асрлар Ўрта Осиё мусиқа тарихи фанидан ўтказилган мазкур очиқ дарсида халқ ижодиёти, ашула ва рақс мутахассислиги магистрантлари ҳамда касб таълими, чолғу ижрочилиги таълим йўналиши талабалари мавзу доирасида XIV аср охири XVI аср бошларида Туркистон мусиқа маданияти, сарой анъаналари, Бобур шахси, илмий-ижодий қизиқишлари ва мақом санъати хусусидаги ўзлари учун керакли ва янги илмий маълумотларга эга бўлди.
Манбалардан маълумки, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабиёт, шеърият, тарих, география, фалсафа билан бирга мусиқа санъатига ҳам катта қизиқиш, эҳтиром билан қараган, мусиқа илмини пухта тушунган ижодкорлардан саналган. Айни пайтда унинг кўплаб ғазал ва рубоийлари мусиқий ва дилбар оҳанги, сермазмунлиги боис ҳануз халқимиз томонидан севиб тингланади.
Қизиқарли маъруза асосидаги ушбу очиқ дарсни кафедранинг ёш профессор-ўқитувчилари ҳам кузатиб борди. Айтиш жоизки, профессор Оқилхон Иброҳимов мусиқа илмини, назариясини ўрганиш ва ривожлантиришда фаол ижод қилаётган олимлардан ҳисобланиб, унинг қўлланмалари, монографияларидан санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳларида фойдаланилади.