Пойтахтимизда Бош прокурор ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида 21 октябрь – Ўзбек тили байрамига бағишлаб умумий ўрта таълим мактабларида икки босқичли диктант танлови бўлиб ўтди.
Танловларда Президентимизнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий ўқув йилидан мамлакатимиздаги 208 та туман (шаҳар)да биттадан мактабда ташкил этилган ва ўқувчиларни 5-синфдан бошлаб қабул қиладиган “Жасорат синфи” ўқувчилари иштирок этди.

Дастлаб туман босқичида 5 мингдан зиёд ўқувчидан “Мардлик” мавзусида диктант олинди. Сўнгра биринчи ўринни эгаллаган жами 208 нафар ўқувчи диктант танловининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида “Она ватан” мавзусида беллашди.

Диктант танловида Қорақалпоғистон Республикасидан Севинч Базарбаевага, Андижон вилоятидан Розияхон Абдусатторова, Бухородан Муниса Воҳидова, Жиззахдан Шодия Анварова, Навоийдан Фарангиз Чориқулова, Намангандан Феруза Бурхонжонова, Самарқанддан Райхона Тожиддинова, Сирдарёдан Моҳира Исмоилжонова, Сурхондарёдан Азизбек Сафаров, Фарғонадан Музаяна Латифжонова, Хоразимдан Лолахон Шоназарова 1-ўринни эгаллади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан Асадбек Олимов, Тошкент вилоятидан Мадина Ихтиёрова ҳамда Тошкент шаҳридан Диёра Зокиржоновалар ҳам биринчиликни қўлга киритди. Ғолибларга эсдалик совғалари берилди.
Якунда қатнашчилар учун ҳарбий қисм ва муассасаларда очиқ эшиклар куни ва ватанпарварлик тадбирлари ташкил этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА