Пойтахтимизда ўтаётган “Иннопром. Марказий Осиё” Халқаро саноат кўргазмаси доирасида Digital Holding, МегаФон ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “IT-Med” ОАЖ соғлиқни сақлашни рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича меморандум имзолади.
Ўзбекистоннинг энг йирик рақамли ҳолдинги “Электрон соғлиқни сақлаш – 2025” стратегиясини амалга ошириш учун технологик дастурларни тақдим қилди.
– Замонавий рақамли технологиялар тиббий муассасалар ходимларини кундалик ишларнинг бир қисмини бажариш мажбуриятидан халос этиш орқали нафақат жараёнларни тўғри йўлга қўйиш ва автоматлаштиришга, балки хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Масалан, телетиббиёт соҳасидаги дастурлар исталган беморга у қаерда эканлигидан қатъи назар, юқори малакали шифокор ёрдамини кўрсатиш имконини беради. Электрон рецептлар ёзиш тизими эса дори воситалари айланмасини назорат қилиш ва беморлар хавфсизлигини таъминлашда қўл келади. Digital Holding жамоаси бу каби лойиҳаларни бошқа мамлакатларда амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга ва биз Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини кучайтиришда ўз имкониятларимиз билан бўлишишдан мамнунмиз, – дейди Digital Holding бош директори Андрей Майгур.

– Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида рақамли технологияларни қўллаш қамрови тобора кенгаймоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасининг беморга йўналтирилган рақамлашувини жорий этиш биринчи навбатда аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизматлар кўрсатишга, шунингдек, бошқарув жараёнини соддалаштиришга ёрдам беради. Digital Holding рақамли дастурлари касалликларнинг олдини олиш ва даволашда муваффақиятлироқ натижаларга эришишни кўзда тутади, — дейди “IT-MED” директори Артур Ҳакимов.
Ўзбекистонда ягона тиббий маълумотлар базаси ва интеграциялашган ахборот тизимлари мажмуасини 2025 йилга қадар якунлаш режалаштирилмоқда. Телетиббиёт консултациялари учун ечимлар ишлаб чиқиш ва электрон рецептлар платформасини ишга туширишдан ташқари томонлар тиббий суғурталар фонди маблағларидан фойдаланишни осонлаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини назорат қилишга ёрдам берувчи ахборот тизимларини ривожлантиришга эътибор қаратишади.
Тиббий муассасалар мижозлари электрон тиббий карталари ва шифокор кўригига онлайн ёзилишлари, лаборатория тадқиқотлари ҳақида SMS ва e-mail орқали хабардор бўлишлари мумкин.

Ҳамкорлик доирасида, шунингдек, тез тиббий ёрдам ходимлари учун диспетчерлар ҳамда бригадалар орасида аудио ва видеоёзув ҳамда шифокорларга тезкор SMS-хабарнома юбориш хизматларига эга тизимни моделлаштириш режалаштирилмоқда.
реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА