Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дидимиз, қарашларимиз замонавий бўлишими мумкин, аммо юрагимиз ўзбекча уриши шарт!
18:38 / 2024-10-21

Ватанимиз кундан кундан чирой очиб, гўзаллашиб, бу ерга келаётган меҳмонлару юртдошларимизни ҳайрат ва ҳавасини келтирмоқда.

Айниқса, кейинги йиллардаги бунёдкорлик намуналари – осмонўпар бинолар, ҳудудларда қурилаётган кўркам ва шинам тураржой ва нотуражой иншоотлар ҳар қандай одамнинг кўзини қувонтириши табиий. Бундай ўзгаришлар ҳар биримизга ғурур ва фахр бағишлайди. Чиндан ҳам Ўзбекистонни бугун бутун дунё билади, эътироф этади. Республикамизнинг турли вилоятларидан, қолаверса, жаҳоннинг турли мамлакатларидан бугун минг-минглаб кишилар саёҳат ёки хизмат юзасидан ёки меҳмон сифатида пойтахтимизга ташриф буюрмоқда, халқимиз,миллий урф-одатларимиз билан танишмоқда. Бу жиҳатлардан қанчалик қувонмайлик, лекин дилимизни хира қилиб турадиган бир ҳолатга бепарво қараб ўтишнинг иложи йўқ.

Бугун “супермаркет”, “макро”, “минимаркет,” “оптом маркет” деган сўзларга кўпчилигимизнинг кўзимиз ҳам, ўзимиз ҳам кўникдик ва бундай жойни кўрганда, бор-е, деб қўл силтайдиган бўлдик. Шаҳарда “Некст”, “Межик сити”, “Андалус”, “Оутлет”, “Диадора”, “Парус”, “Интегро” деган жойлар пайдо бўлдики, энди уларнинг номини ўзгартирсангиз ҳам, одамларнинг хотирасидан ҳайдаб чиқаришингиз жуда қийин. Шаҳардан Қўйлиққа кетаверишда “Alfraganus” деган тураржой даҳаси қурилмоқда. Бу буюк ўзбек олими Ал-Фарғонийнинг инглизчасими?

Айни кунда шаҳримизда фаолият кўрсатаётган кўплаб хизмат кўрсатиш шохобчалари, ўқув марказлари, хусусий тиббиёт марказлари, дўконларга қўйилаётган номларни кузатиб, гўё ўзимизни Тошкентда эмас, қандайдир хориж шаҳрида юргандек ҳис этамиз, ғашимиз келади.

Бугун шаҳарнинг қай бурчагига борманг, албатта, хорижий асосан, инглизча ёки русча пешлавҳаларга кўзингиз тушади. Худдики бу дўкон ёки шохобчаларни чет эллик инвесторлар махсус чет элликларга очган, деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ янглишасиз, ундай эмас экан, уни очганлар ҳам, у ерда ишлаётган ходимлар ҳам, у ерда овқатланаётган мижозлар ҳам хуллас, ҳаммаси ўзимизнинг ўзбек қоракўзларимиз. Унда мазкур ошхона ёки кафега хорижий қандайдир тушунарсиз бир номни қўйишга не ҳожат? Бу нима олифталикми, дабдабами ёки шундай ном қўйилгани мижозларнинг сонини оширадими?! Ёки биз миллий ғуруримиз, миллий иммунитетимизни бутунлай йўқотиб қўйганмизми?

Қачон, қандай қилиб йўқотдик, ахир давлатимиз мустақил бўлганига ўттиз уч йил бўлди. Ўзбек тилининг давлат тили деб эълон қилинганига эса бу йил оз эмас, кўп эмас, ўттиз беш йил бўлди. Нега бизлар йилдан йилга хорижий тиллардаги атамалардан фойдаланишни камайтириш ўрнига аксинча, уларни янада урчитиб, кўпайтириб юбораяпмиз. Бизга буни биров мажбурлаяптими?

Овқатланиш шохобчаларида “Бистро”, “Evos”(кафе), “Look”(кафе), “FasT food” каби ёзувларга деярли кўзларимиз ўрганиб бўлди. “Ош сити”, “Норин сити”деган номлар нимани англатади? Дўконларга “Legenda”,“Arabella”,“Inter”, “Gold 999” дея ном қўйишдан нима маъно бор? Қурилиш ёки уй-рўзғор ашёлари сотиладиган дўконларнинг номларига эътибор беринг: “Всё для дома”, “Шторы и жалюзы”, “Мужской обувь”, “Электротовары” ва ҳоказо. Шу атамаларнинг чиройли муқобили ўзбек тилида йўқми? Албатта, бор, лекин нимагадир у номларни қўйишни истамаймиз.

Биламизки, Сағбон кўчаси Тошкентнинг қадимий кўчаларидан бўлиб, азалдан маҳаллий халқ яшаб келган. Ҳозир ҳам бу ҳудудда аксарият ўзбеклар яшайдиган маҳаллалар жойлашган. Лекин Чорсу тарафдан бу кўча бўйлаб Келес тарафга юрар экансиз, турли-туман хорижий номларга кўзингиз тушади. Масалан, Сағбон кўчаси билан Нурафшон кўчаси кесишган чорраҳага етмасингиздан “Rich market” деган дўконга дуч келасиз. Ўзи кичкина бир дўконча бўлса, бундай хорижий ном қўйишга зарурат бормикан?

Шу кўчадан яна сал юрсангиз “ИзолМаг” деган ёзувга, ундан кейин ўтиб эса “Paradize” деган салонга дуч келасиз. Ундан яна нарироқ бораверсангиз, “Хозмаркет” “Ходовой”, “Carvash”, “Колесо”, “Мой сам” каби ёзувларга дуч келасиз. Хуллас, уларни бирма-бир санаб, бирма-бир қоғозга туширишга ҳафсала ҳам етмайди. Айнан шу кўчада “Gold plov”,“Сосиски” деган ошхона ёки хизмат кўрсатиш шохобчаларига ҳам дуч келасиз. Энди ўйланг, Тошкентдаги ўзбеклар гавжум яшайдиган бир кўчамиздаги аҳвол шунақа ачинарли ҳолда бўлгач, бошқа кўчалар ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ.

Шу ўринда яна бир нарсани айтмоқчи эдим, минг марта гапирилганига қарамасдан, “Мы открылись”, “дом продаётся” деган эълонлар ҳали ҳануз ҳар қадамда учраб турибди. Ўша жойга телефон қилиб сўрасангиз, албатта, телефонда ўзбек киши бўлади. Сотувчи ҳам ўзбек, харидор ҳам ўзбек, лекин берилган эълон русча.

Яна бир ачинарли жиҳат: хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг аксарияти бошқа тилда номланган. Тўғри, замонга мослашишни, давр билан ҳамқадам юришни, тилларни пухта ўзлаштиришни ҳар биримиз истаймиз. Аммо юрагимиз ўзбекча уриши керак-ку! Бугун юрт етакчисининг қатъий сиёсий иродаси сабаб она тилимиз – ўзбек тили дунё минбарларида, халқаро майдонда баралла янграяпти. Ана ўша паллалар юрагимиз бошқача уриши рост-ку! Шундай экан, нега биз маънавий мулкимизни муносиб муҳофаза қилмаяпмиз?! Унинг бор имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаяпмиз?!

Бу масалада сиз ҳам бир мушоҳада қилиб кўрингга!

Баҳора Аҳмедова,  

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси