“Диққат пиёда!” тадбири: Дастлабки 5 кунда Тошкент вилоятида 1524 фуқарога чора кўрилди
Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ маълумотига кўра, мамлакат миқёсида содир этилаётган ҳар икки йўл транспорти ҳодисасининг бири пиёдалар иштирокида содир бўлмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ маълумотига кўра, мамлакат миқёсида содир этилаётган ҳар икки йўл транспорти ҳодисасининг бири пиёдалар иштирокида содир бўлмоқда. Бу ҳолат тезкор чоралар кўришни талаб этади.
Шу мақсадда мамлакатимизда 10-20 декабрь кунлари “Диққат пиёда!” тадбири эълон қилинган. Ушбу тадбирда фаол иштирок этиш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Вилоят йўл патруль хизмати инспекторлари транспорт воситаси серқатнов йўлларга яқин жойлашган корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари қаршисида жойлашган пиёдалар ўтиш жойларига бириктирилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда қоидабузарлик содир этган пиёдаларга тегишли тартибда чоралар кўрмоқда.
Бугунга қадар Тошкент вилояти ҳудудида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддаси талаблари бўйича пиёдаларга 1524 та маъмурий баённома расмийлаштирилди ва тегишли тартибда уларнинг яшаш ҳудудидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига жўнатилди.
Шу каби профилактик тадбирлар Тошкент вилоятининг барча ҳудудида давом этмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати.