Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДИҚҚАТ ЭЪЛОН: Шон-шараф музейига фуқаролардан экспонатлар йиғилмоқда
19:59 / 2020-03-24

Музей экспозициялар фондини шакллантириш ва бойитиш учун Ишчи гуруҳга амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4495-сонли қарори асосида Тошкент шаҳар Олмазор туманида Ғалаба боғи ҳамда унинг ҳудудида Шон-шараф музейи бунёд этилмоқда.

Музейда Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган улкан ҳиссаси акс эттирилади ҳамда юртдошларимизнинг жанг майдонларида ва фронт ортидаги матонати, мардлиги, жасорат ва фидойилиги, инсонпарварлиги ва болажонлиги кўрсатиб берилади.

Азиз ватандошлар!

Музей экспозициялар фондини шакллантириш ва бойитиш учун Ишчи гуруҳга амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Сиз Иккинчи жаҳон уруши фронтларида жанг қилган ва фронт ортида машаққатли меҳнат қилган ватанпарвар юртдошларимиз фаолияти ҳақида маълумот берувчи ашёларни музейга топшириш орқали музей экспонатлари фондини янада бойитишга ва аждодлар номини абадийлаштиришга муносиб ҳисса қўшган бўласиз.

Сиз музейга топширган ашёлар мутахассислар томонидан қабул қилинади ҳамда қаҳрамон ҳақидаги маълумотлар қайд қилиниб, йўналиши бўйича экспозицияга жойлаштирилади. Шунингдек, фронт ва фронт ортида фашизм балосига қарши курашган аждодларимиз ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида музейнинг Ахборотлар базасига жойлаштирилади.

Ғалаба боғи ва Шон-шараф музейи 2020 йилнинг 9 май куни арафасида фойдаланишга топширилади.

Ҳамкорлик учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.

Экспонатлар қабул қилинаётган манзил: Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани 9-даҳа, Рихсилий кўчаси 9-уй. Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали. (собиқ Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети биноси). Мўлжал: Зенит заводи ва Korzinka.uz супермаркети.

Шунингдек, узоқ вилоят ва туманлардаги фуқароларимиз ўз ашёларини жойлардаги мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимлари орқали ҳам топширишлари мумкин.

Мурожаат учун телефонлар: 71 269-87-93, 99 877-44-08, 90 516-86-23.

Шон-шараф музейи экспозициялар фондини шакллантириш ва бойитиш бўйича Ишчи гуруҳ.