Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳа директори Виктор Кесслер Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида “Самарали давлат бошқаруви” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 2023-2026 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, унда Самарқанд ва Фарғона вилоятлари пилот ҳудуд сифатида танлаб олинган. Бунда асосий эътибор мазкур ҳудудлардаги давлат хизматлари марказлари ходимларининг билим ва савиясини ҳамда онлайн хизматлар улушини оширишга қаратилган.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Қурбонов меҳмонга марказдаги мавжуд имкониятлар, хизмат кўрсатиш тартиби, ходимларнинг хизмат кўрсатиш сифати, бу ерда фуқароларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди. Давлат хизматларидан фойдаланишда кенг имконият ва қулайликлар яратиш борасида амалиётга татбиқ этилган сўнгги янгиликлар германиялик мутахассисда қизиқиш уйғотди.
– Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизими яхши йўлга қўйилган, қисқа вақтда бундай натижага эришиш катта ютуқ, – деди Виктор Кесслер. – Бунга Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида яна бир бор гувоҳ бўлдик. Муҳими, бу ерда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда ўзига хос ташаббусларга ҳам қўл урилмоқда.
Музокаралар чоғида ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари муҳокама қилинди. Хусусан, марказ ходимлари малакасини ошириш, ходимлар учун давлат хизматлари кўрсатиш стандартларини ишлаб чиқиш ва ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибаларини ўрганиш, янги технологиялар бўйича илғор тажрибаларни алмашиш, марказлар раҳбарлари учун менежмент асослари бўйича ёзги мактаб ташкил этиш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Қурбонов лойиҳа доирасидаги таклифларни билдирди.
Учрашувда лойиҳа доирасида амалга оширилидагин ишлар юзасидан келишувларга эришилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари