Жиззах давлат педагогика институтининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи 2021 йилнинг октябрь ойида мазкур олий ўқув юрти факультетларидан бирининг фаолиятини текшириш жараёнида аниқланган камчиликлар ушбу факультет деканига салбий таъсир қилмаслиги ва уни лавозимида қолишини таъминлаш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида у сўралган пулни воситачи орқали олган вақтида ушланди.
Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи, 1980 й.т., муқаддам судланган икки фуқаро Урганч шаҳридаги МЧЖлардан бирининг раҳбари юк автомашиналари харид қилиш учун 10 млрд. сўм миқдорида кредит олмоқчи эканлигидан хабар топиб, унга бу борада танишлари орқали ёрдам беришларини айтишади ва эвазига 45 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Улар сўралган пулдан 15 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланди.
Хоразмда кузатилган яна бир ҳолатда Хонқа тумани Давлат солиқ инспекцияси ходими иккита МЧЖ фаолиятлари бўйича ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасига кўра, бюджетга қўшимча ҳисобланган 720 млн. сўмлик солиқ тўловларини таниш ҳамкасби имкониятлари орқали камайтириб беришни ваъда қилиб, эвазига ушбу МЧЖлар раҳбаридан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса олий ўқув юртига ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат қайд этилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро номига Қозоғистон Республикасининг Нурсултон шаҳридаги Қозоқ гуманитар юридик университетининг 1-босқичини тугатганлиги тўғрисида ҳужжат расмийлаштириб, сўнгра уни Тошкент давлат юридик университетининг 2-курсида ўқишга кўчириб беришни ваъда қилган, 1996 й.т. шахс 8 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, қонунбузар ушбу пул маблағини Чилонзор туманида жойлашган ўқув маркази раҳбари, 1994 й.т., муқаддам судланган жиноий шеригига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, пулни олган вақтида у ҳам ушланди.
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1973 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаро ўзганинг ишончига кириб, уни ички ишлар идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Гулистон туманида яшовчи, 1994 й.т., муқаддам фирибгарлик билан судланган шахс маҳаллий фуқарони ДХХ идораларига ишга киришида ёрдам беришини айтиб, ундан 2,5 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Аниқланишича, мазкур шахс жабрланувчидан уни ишга киритиш учун турли баҳоналарни рўкач қилиб, муқаддам 3900 АҚШ доллари ва 70 млн. сўм олган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.