ДХХ: Сирдарёда табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланди
ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда «Ўзэнергоинспекция» ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган фаол тадбирда, Боёвут туманидаги автомобилларга газ тўлдиришга ихтисослашган МЧЖ томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланди.
Ўтказилган текширув жараёнида мазкур шохобчада газ ҳисоблагич ускунасидан ташқари байпас линияси орқали табиий газга уланиб, уни мижозларга сотиб келинганлиги маълум бўлди.
«Ўзэнергоинспекция»нинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 41 млн. 666 минг м3 газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида МЧЖ томонидан давлат манфаатларига 62 млрд. 488 млн. сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА