Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги туманлардан бирининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи вилоят Бошқармасидаги мансабдор шахслар орқали маҳаллий фуқарони ўзи раҳбарлик қилаётган бўлимга ишга қабул қилинишида ёрдам бериш эвазига ундан 2000 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пулдан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28,211- (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Қўқон филиали бошқарувчиси маҳаллий хусусий корхонага ажратилган кредитдан бўлган 62 миллион сўм қарздорликни сўндириб бериш ҳамда ушбу қарздорлик бўйича қўйилган таъқиқни бекор қилиниши учун Мажбурий ижро бюросига хат қилиб бериш эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168- (фирибгарлик) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
ЎзА