Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДХХ раиси кубоги ғолиблари аниқланди
22:34 / 2021-06-15

Ёшлар қудратли давлатимизнинг эртанги куни, янги Ўзбекистонимизнинг пойдевори саналади. Зеро, уларнинг соғлом ва комил инсонлар бўлиб вояга етиши мамлакат истиқболини белгилаб беради.

Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини ҳаётга жорий этишда Давлат хавфсизлик хизмати ҳам ўзининг сезиларли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб юртимизнинг ҳар бир гўшасида мини-футбол бўйича ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари кубоги ўтказилди

Унда 18-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 7779 та жамоа муносиб иштирок этди.

Туман, шаҳар ҳамда вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли 14 та жамоа 12-15 июнь кунлари пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида ДХХ раиси кубоги учун ўзаро куч синашди.

Биринчи ўринни эгаллаган жамоага улар истиқомат қиладиган маҳаллада мини-футбол майдони, иккинчи ва учинчи ва тўртинчи ўринларни қўлга киритган жамоаларга эса улар яшайдиган маҳаллада “Workout” майдончалари қуриб берилади.

“Соғлом ёшлар – янги Ўзбекистон келажаги” шиори остида ташкил этилган ДХХ раиси кубогини ўтказишдан кўзланган мақсад ёшлар орасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Жамоалар гуруҳларга бўлиниб,ўзаро баҳслашдилар:

“A” гуруҳи:  Хоразм, Фарғона, Тошкент вилояти, Қашқадарё.

“B” гуруҳи:  Наманган, Андижон, Жиззах, Самарқанд.

“C” гуруҳи:  Бухоро, Сирдарё, Тошкент шаҳри.

“D” гуруҳи:  Сурхондарё, Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси.

Ҳар бир вилоят терма жамоаларига алоҳида қуръа ташлаш орқали Ўзбекистон Суперлигасида фаолият юритувчи таниқли мутахассислар маслаҳатчи-мураббий сифатида бириктирилиб, улар мусобақа давомида жамоаларга ўзларининг зарур маслаҳатларини бериб борди.

Мусобақада Қашқадарё вилояти Қамаши тумани “Самарқанд” МФЙ жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Тараққиёт” МФЙ жамоаси иккинчи, Жиззах вилояти Зомин тумани “Ғафур Ғулом” МФЙ жамоаси эса учинчи поғонадан жой олди. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани “Оқ Манғит” МФЙ жамоаси ярим финалга қадар муваффақиятли ўйин намойиш этиб, кучли тўртликни якунлади.

Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи” номинациясига Содиқов Фазлиддин Эркинжон ўғли (Фарғона вилояти жамоаси);

“Энг яхши тўпурар” номинациясига Бектемиров Фаррух Тоирович (Сирдарё вилояти жамоаси);

“Энг яхши дарвозабон” номинациясига Салимов Сирож Собир ўғли (Бухоро вилояти жамоаси);

“Энг яхши мураббий” номинациясига Жалгасов Серик Бактибаевич (Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси) муносиб кўрилди.

Пойтахтимизда ўтган тақдирлаш маросимида мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Элимиз суйган санъаткорларнинг куй ва қўшиқлари тақдирлаш маросими меҳмонлари қалбига хурсанчилик бахш этди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА