Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДХХ: Жойларда коррупция ва фирибгарлик ҳолатлари аниқланди
11:15 / 2023-11-12

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган “Бек Барака ихтисослашган савдо комплекси” МЧЖ директори ўринбосари фирибгарлик йўли билан бозор балансидаги янги типда қурилган енгил конструкцияли савдо дўконини ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога олиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ўтказилган фаол тадбирда ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлик бюроси адвокати  фирибгарлик йўли билан фуқародан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.  

Маълум бўлишича, адвокат ўзининг Ўзбекистон Республикаси Олий судида ишловчи танишлари орқали фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил октябрь ойидаги ҳал қилув қарорини суднинг аппелляция инстанцияси жараёнида фуқаро (судланувчи) фойдасига ўзгаришсиз қолдириш масаласини ҳал қилиб беришни ваъда қилган.  

Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса ўзини ички ишлар идоралари ходими деб таништирган шахс маҳаллий фуқародан унинг танишига нисбатан Ички ишлар органи томонидан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан мазкур шахсни тергов ҳибсхонасидан чиқариш ва унга нисбатан юритилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатишни ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.  

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс олдиндан 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Миллий Гвардия Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси Шовот тумани қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази бошлиғи фирибгарлик йўли билан 1400 АҚШ доллари ҳамда 1,2 млн сўм пулларни олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, у маҳаллий фуқарони Миллий Гвардия тизимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА