English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДХХ чегара қўшинлари – сарҳадларимиз дахлсизлиги кафолати
21:25 / 2023-01-14

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисидаги фармон, шунингдек, куни кеча Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлигида ҳам сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ва мустаҳкам қўриқлаш борасида қўйилган вазифалар ижроси юзасидан Йўл хариталари ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси самарали таъминланмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугун миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг чин маънодаги мустаҳкам қалқонига айланди. Соҳага қаратилаётган диққат-эътибор натижасида, Чегара қўшинларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, стратегик фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли офицер кадрлар ва сержантлар таркибини тайёрлаш жараёни янгича ўқув-техник ва маънавий-ахлоқий асосда ташкил этилмоқда.

Давлат чегараларини қўриқлаш йўналишида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, бугунги кунда юртимизнинг олис ва ҳаракатланиш мураккаб бўлган чегара ҳудудларини ишончли қўриқлаш мақсадида, ушбу соҳалар замонавий турдаги техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланиб, учувчисиз учиш аппаратлари имкониятларидан кенг фойдаланиш жорий этилмоқда.

Шунингдек, қўшни давлатлар билан ўзаро самимий ва дўстона муносабатлар йўлга қўйилиши ҳамда оқилона чегара сиёсати олиб борилиши натижасида Ҳукуматлараро комиссия вакилларининг саъй-ҳаракатлари билан Давлат чегарасининг делимитацияси ва демаркацияси, яъни аниқ ўтган жойини белгилаш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда, бу эса ўз навбатида, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш самарадорлигини янада оширишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, 2022 йил якунида давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларнинг имзоланиши ва уларнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Дарҳақиқат, ушбу муҳим қарор икки давлат Давлат раҳбарларининг сиёсий иродасини ифода этиш билан бирга, икки қардош халқ ўртасидаги ҳурмат ва яхши қўшничилик муносабатларини ҳам мустаҳкамлаб, 30 йилдан бери ҳал бўлмаётган масалалар келишилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, чегара чизиғини делимитация қилишни якунига етказиши билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, ҳеч қандай келишмовчиликка ўрин қолдирмай, ҳар икки давлат чегара органлари вакилларининг хизмат фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Халқаро ҳамкорлик ҳақидаги фикрларимизни давом эттирар эканмиз, Ўзбекистон МДҲ давлатларининг Чегара қўшинлари қўмондонлари Кенгаши аъзоси саналиб, унинг йиғилишлари давомида аъзо мамлакатларининг давлат мустақиллиги ва чегаралари дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳам қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда.

Шунингдек, Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам фаолият юритади. Ушбу органда аъзо давлатлар ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус хизматларининг, шу жумладан, чегара қўриқловини амалга оширувчи масъул органларнинг кенгаши ҳам фаолият олиб боради. Чегара қўшинлари унинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли вакили сифатида иштирок этиб келмоқда.

Ушбу икки орган миқёсида ўтказилаётган амалий ўқувларда ҳам Чегара қўшинлари бўлинмалари фаол қатнашмоқда, жумладан, 2022 йилда ШҲТ доирасида «Гранитса дружбы-2022» махсус чегара операциясида иштирок этилди, МДҲ Чегара қўшинлари қўмондонлари Кенгаши доирасида эса Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия чегара бўлинмалари иштирокида «Сарҳад-2022» ҳамкорликдаги махсус чегара операцияси ДХХ Чегара қўшинлари раҳбарлигида ўтказилди.

Давлат чегаралари қўриқловининг самарали ташкил этилиши натижасида, Давлат чегарасини бузилиши ҳолатлари ўтган даврларга нисбатан 26 фоизга камайишига, товар-моддий бойликларини ноқонуний олиб кирилишининг олдини олиш ҳолатлари 34 фоизга, қиймати эса 45 фоизга кўпайиб, жами 230 миллиард сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний айланмаси олди олинишига эришилди.

Мамлакатимиз тинчлиги, халқ фа¬ровонлигини таъминлаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони бошчилигида Хизмат раҳбарияти, Чегара қўшинлари қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда жойлардаги ҳарбий-маъмурий секторлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида, бугун ҳарбий қисм ва бўлинмаларда замонавий, барча қулайликларга эга янги намунавий лойиҳадаги Чегарани қўриқлаш взводларини барпо этиш, шунингдек, мавжудларини мукаммал таъмирлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Юрт ҳимоячилари учун муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар кўламини рақамларда ифодалайдиган бўлсак, сўнгги уч йил давомида замонавий турдаги 11 та чегарани қўриқлаш взводлари намунавий лойиҳа асосида қурилди, 2 880 та хизмат хонадонлари қурилиб, фойдаланишга топширилди,

60 та бўлинманинг бино ва иншоотлари капитал таъмирланди.

Туман марказларидан олисда жойлашган чегарани қўриқлаш взводларда 33 та мактабгача таълим муассасаларининг қисқа муддатли гуруҳлари ташкил этилди ва 85 нафар ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ушбу гуруҳларга ишга қабул қилиниб, уларда 533 нафар ҳарбий хизматчилар ҳамда 127 нафар маҳаллий аҳолининг фарзандлари жами 660 нафар эртамиз эгалари тарбияланмоқда.

Олис ҳудудларда жойлашган ҳарбий шаҳарчаларда истиқомат қиладиган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига қатнашлари учун 30 та мактаб автобуслари харид қилинди. Бўлинмаларда ташкил этилган 28 та кичик тикув цехларида 97 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи иш билан таъминланди.

Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, инсон қадри улуғланаётган, барча ислоҳотлар унинг эркин, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши учун хизмат қилаётган Янги Ўзбекистонда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш

ва янги уй-жойлар билан таъминлаш масаласига шундай юқори эътибор қаратилар экан, сарҳадларимиз посбонлари ҳам ушбу ғамхўрлик ва қулайликлардан руҳланиб, оиласидан кўнгли тўқ ҳолда давлат чегараларини янада масъулият билан мустаҳкам қўриқлайди.

Собиржон Исаков,

ДХХ Чегара қўшинлари полковниги,

ЎзА