Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДХХ: Андижон ва Самарқанд вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилишига чек қўйилди
11:29 / 2022-06-08

Андижон вилоятининг Асака туманидаги пиллачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзининг 1988 й.т., муқаддам судланган қариндоши билан тил бириктириб, мазкур МЧЖга тегишли бўлган 1 гектар ер майдонини ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 180 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари сўралган пулдан 120 минг АҚШ долларини қариндоши орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бу йўналишда ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят ИИБ билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказди.

Хусусан, Давлат кадастрлари палатасининг Пайариқ туман филиали мутахассиси муқаддам ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, аслида маҳаллий ҳокимлик захирасида бўлган 3 гектар лалми ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, узумзор ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорга ҳар бир гектар ерни 60 млн. сўмдан жами 180 млн. сўмга сотишга келишади. Шунингдек, мазкур ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллари ҳам талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд туманида кузатилган ҳолатда эса 1986 й.т. шахс иссиқхона қуриш учун бошқа бир фуқаро номига расмийлаштирилган 50 сотих ер майдонини ишлаб чиқариш корхонаси қурмоқчи бўлган тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 70 минг доллар олган вақтида ушланди.

Пастдарғом туманида яшовчи, 1968 ва 1972 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорнинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 70 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 65 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 32 минг доллар олган вақтларида ушланди.

Оқдарё туманида истиқомат қилувчи, 1990 й.т. шахс эса Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 5 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА