Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро Ургут туманига бориб, 1992 йилда туғилган танишидан 1 кг. 916 гр. «опий» моддасини олиб, ўзининг бошқарувида бўлган «Нексия 2» русумли автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб кетаётган вақтида Булунғур туманида ушланди ҳамда ундан гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унга ажал оғусини берган фуқаронинг Ургут туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 7 кг. 331 гр. «опий» моддаси борлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Навоий ва Жиззах вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Ғаллаорол туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро 469 гр. «опий» моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур шахс муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазо муддатини ўтаган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.
Шунингдек, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида у ажал оғусини Ургут туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқародан 5 минг АҚШ долларига сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.
Тошкент вилоятида кузатилган ҳолатда Наманган шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган аёл Бекобод шаҳрида ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган фуқародан 1 кг. 696 гр. «гашиш» моддасини Наманган вилоятига етказиб бериш учун олиб, Оҳангарон шаҳрида Фарғона водийсига қатнайдиган автомашиналар тураргоҳига бораётган вақтида ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Аниқланишича, наркотик моддани Наманган вилоятининг Поп туманига олиб бориб, керакли жойда қолдириб кетиши учун аёлга 200 АҚШ доллари берилган.
Таъкидлаш лозимки, барча ҳолатда гиёҳвандлик воситалари мамлакатимизга Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА