Маълумки, фуқароларни давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, уларга бу борада янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида почта алоқа бўлимларида ҳам давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
Яқинда Пайариқ туманининг “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яна бир почта алоқа бўлимида 17 турдаги электрон давлат хизматларини кўрсатиш жорий қилинди.
Бундан ташқари, “Томойрот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги яна бир почта алоқа бўлимида ҳам мазкур хизматларни йўлга қўйишга ҳозирлик кўрилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур қулайликдан нафақат ушбу маҳалла аҳолиси, балки, унга туташ бўлган “Тўпалос”, “Халқобод”, “Наврўз”, “Илғор” сингари маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам фойдаланишлари мумкин. Айни пайтда ушбу алоқа бўлимини интернет тармоғига улаш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта илгари тумандаги Тепа алоқа бўлимида ҳам 18 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу алоқа бўлимидаги давлат хизматларини “Ғаллакор”, “Кўлтўсин” ва “Накурт” маҳалла фуқаролар йиғинларига қарашли 50 га яқин қишлоқ одамлари олишлари мумкин.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати