Бухоро вилояти Пешку тумани “Дейча” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий андозада барпо қилинган яна бир болалар муассасаси – 45-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти болажонлар ихтиёрига топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова олис туманларда ҳам баркамол авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор, сўнгги йилларда эришилаётган ютуқлар, дейчалик болажонлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, ҳудуддаги ота-оналарнинг кўп йиллик орзуси ушалаётгани ҳақида гапирди.


120 нафар болажонни ўз бағрига олаётган муассаса маҳаллий пудратчи “Капитал сифат қурилиш” МЧЖ томонидан бунёд қилинган. Мазкур лойиҳа қиймати 3 миллиард 800 миллион сўмга молиялаштирилган. Эртамиз эгалари учун шинам машғулотлар хоналари, ётоқхона, ошхона, ва санитария тармоғи, қолаверса, ўйин майдончаси, ёзги айвон шай қилинган бўлиб, болажонлар саводхонлигини таъминлаш, уларнинг жисмонан ва руҳан чиниқиши учун жами 25 нафар ишчи-тарбиячи масъул сифатида бириктирилмоқда.
Тантанали тадбирда янги ва замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотининг рамзий лентаси қирқилиб, йиғилган меҳмонлар муассасада болажонлар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири