Яқинда Финландия Россия билан туташ чегарада синов тариқасида панжара қуриш лойиҳаси учун пул ажратмоқда, деган хабар тарқалди.
Финландия ҳукумати жорий йил учун қўшимча бюджетнинг тўртинчи пакетида мамлакат Ички ишлар вазирлигига Россия билан чегарада панжара қурилиши учун 6 миллион евро таклиф қилди. Яқин келажакда у мамлакат парламентида кўриб чиқилади. Чегара хизмати режасига кўра, тўсиқ Россия чегарасининг тахминан 15 фоизини (200 километр) ҳимоя қилиши керак.
Аслида, мамлакатлар ўртасида девор барпо қилиш инсоният тарихида янгилик эмас. Давлатлар ўзларини тўсиқлар билан ҳимоя қилишни анча олдин бошлаган. Қадим замонларда ҳам ақл бовар қилмайдиган деворлар қурилган. Масалан, Чин мамлакати империяни шимолий кўчманчиларнинг босқинларидан ҳимоя қилиш учун Буюк Хитой деворини қурган. Унинг узунлиги 8 минг 850 километрга чўзилган. Орадан икки ярим минг йил ўтиб, ҳозир ҳам девор қолдиқлари кишини ҳайратга солади.

Евроосиёнинг нариги чеккасида, янги давр бошида улуғвор девор қурилишини римликлар бошлаб берган. Империя периметри бўйлаб – Британиядан Арабистон ярим оролига қадар мустаҳкамланган оҳакдан қурилган тўсиқлар империя сарҳадларини босқинчилардан қўриқлаш мақсадида бунёд этилган. Ҳа, римликлар бундай тўсиқларни жуда кўп ва жуда тез қурганлар.
Чегара деворлари империяларни юзлаб йиллар давомида уюшмаган оломон ёки қароқчилардан ҳимоя қилган.
Иккинчи жаҳон уруши натижасида Германия иккига бўлиниб қолди. Икки мафкуравий лагерга бўлинган немис халқини Берлиндаги баланд деворлар иккига ажратиб турди. 1991 йилга келиб социалистик лагернинг қулаши мазкур деворни ҳам вайрон қилди, мамлакат яна ягона бўлди, бир-бирини йўқотган, алоқалари ярим аср узилиб қолган одамлар яна топишди.

1975 йилда Жанубий Африка Республикасининг ўша пайтдаги "оқ" ҳукумати Мозамбикдаги инқилобдан қўрқиб чегарада электрлаштирилган (3300 вольт) тўсиқ бунёд этди. Бир томондан, ушбу электр токи уланган тўсиқ чегарани қора танлиларнинг инқилобий зўравонлигидан қутқаргандай туюлди, бошқа томондан эса мозамбикликлар "оловли илон", деб атаган ушбу тўсиқ йилига 200 га яқин қочқиннинг умрига зомин бўлган.
Деворлар, ток уланган тўсиқлар можаролар кечаётган ҳудудларда қурилмоқда. Масалан, 1953 йилда Корея ярим оролида бунёд этилган узунлиги 241 километрлик саноқсиз истеҳкомлардан иборат тўсиқ орадан қанча йиллар ўтдики, Шимол ва Жануб ҳудудларини ишончли тарзда ажратиб турибди.
Бу ёқда Польша ҳам Россия билан чегарада девор қурмоқчи. Қурилиш ҳозирча бошлангани йўқ, лекин у чегара хизматини ривожлантириш концепциясига киритилган, дейди мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Войцех Скуревич. Польша – Беларусь чегаралари эса аллақачон панжарали тўсиқлардан иборат девор билан ёпилган. Беларусь билан Литва ҳам чегара алоқаларини баланд деворлар оша амалга оширмоқда.
Исроил билан Иордан дарёсининг ғарбий қисмини ажратиб турувчи “хавфсизлик деворини қуриш масаласи 1990 йилларда муҳокама қилинган эди, бироқ қурилиш 2002 йилга келиб бошланди. Девор Исроилни фаластинликлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун қурилган. БМТ 2021 йилда тарқатган маълумотга кўра, режалаштирилган 712 километрлик деворнинг 65,3 фоизи қуриб битказилган. В 2004 йилда БМТ Халқаро суди мазкур девор қурилишини ноқонуний деб топди, чунки у фаластинларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини бузарди.

2021 йил декабрда Исроил мудофаа вазирлиги Ғазо секторида 65 километрдан иборат янги тўсиқ қурилиши ниҳоясига етганини маълум қилди. Мазкур объект ер усти ва сувости тўсиқларни ўз ичига олади.
Мазкур девор 2015 йилда суриялик қочқинларни ўтказмаслик учун қурилди. Аввал бошида у тиконли симдан иборат эди, энди эса ушбу иншоот камералар ва овоз баландлатувчи қурилмалар билан жиҳозланган пойдеворли объектга айланди.
Африкалик қочқинлардан безиб кетган Испания ҳам 1990 йилларда Марокаш чегарасида девор қурди. Девор турли ҳимоя, кузатув воситалари билан жиҳозланганига қарамай, Испания ҳукумати ўтган йили минглаб мигрантларни тўхтата олмади ва ҳатто армияни жалб қилишга тўғри келди.

Мамлакатлар ўртасида деворлар ҳақида сўз кетса, ҳозир энг кўп Туркия тилга олинса, ажаб эмас. Чунки Европа билан Осиёни боғлаб турган Қадим Онадўли замини ҳозирга келиб Осиёдан Кўҳна қитъага тинч ва яхши ҳаёт қидириб йўл олган қочқинлару, уюшган трансмиллий жиноят гуруҳларининг контрабанда юкларни олиб ўтиш учун энг маъқул йўлакка айланган. Шу боис Туркия чегарабузарлик муаммосидан энг кўп азият чекаётган давлат ҳисобланади. Масалан, куни кеча Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғон Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида Туркия – 2014 йилдан буён энг кўп қочоқларни қабул қилган давлат эканини таъкидлаб, қабул қилинган 5 миллион қочоқнинг 3,6 миллиони сурияликлар эканини айтди.
Туркия 2015 йилда Сурия чегараларида ноқонуний муҳожирларнинг олдини олиш мақсадида чегарада баланд девор қуришни бошлаганди. Ҳозирда баландлиги 3 метрни ташкил қиладиган девор чегара бўйлаб 750 километрга чўзилган. Ўтган йили эса Туркия Афғон қочқинларини тўхтатиш учун Эрон чегарасида девор қуришни бошлади. Режага кўра, у 300 километрга етади. Туркия Осиё минтақаси томонига девор қураётган бир пайтда Греция ҳам Туркия чегарасида Эврос дарёсининг бутун узунлиги бўйлаб панжара тўсиқ қурилишини бошламоқчи.
Кипр оролида турклар ва греклар яшайдиган ҳудудларни ажратиб турувчи “Яшил чизиқ” деб ном берилган тўсиқни эса айтмаса ҳам бўлади. Мазкур иншоот 1974 йилда қурилган эди.
Бугунги кунда дунё бўйича 281 миллион киши, яъни сайёрамиз аҳолисининг 3,6 фоизи муҳожирликда ҳаёт кечирмоқда. Ҳатто мигрантларни энг кўп қабул қилаётган бағри кенг, иқтисодий қудратли АҚШдек давлат ҳам энди чегарасини девор билан ёпиш ташвишига тушган. Ҳа, девор қуриш “эпидемияси” Америка қитъасига ҳам етиб борди. Шимолий Америкада девор қуриш ғояси Дональд Трампнинг президентлик сайловида ғолиб бўлишида муҳим роль ўйнади. Чунки овоз берувчиларнинг катта қисмига тадбиркор президентнинг Мексика чегарасида мустаҳкам девор қуриш ваъдаси ёқиб тушганди.
Умуман, ҳозирда Осиёнинг ўн еттита, Африканинг учта ва Европанинг ўн тўртта давлати чегара панжараларини қурмоқда ёки уларни қуришни режалаштирмоқда.
Яна бир гап: ҳозирги замон чегара деворлари мафкуравий қарама-қаршиликларга асосланмаяпти, балки мамлакат аҳолисининг фаровонлигини, тинчлигини, жамиятнинг барқарорлигини муҳофаза қилиш баҳонасида амалга оширилмоқда. Чунки ҳозир чегарабузарларнинг аксарияти камбағаллик, сиёсий беқарорлик, уруш ва очликдан қочиб ўзга мамлакатлардан бошпана топиш илинжида узоқ, машаққатли ва хавфли йўлга чиққан одамлардир. Лекин аччиқ ҳақиқат шуки, уларни ҳеч бир мамлакат кўзи тўрт бўлиб кутаётгани йўқ. Деворларга келсак, тилимизга дунё ҳақиқатан ҳам эсдан оғмоқда, дейишдан бошқа сўз келмаслиги турган гап.
С.Раҳимов, ЎзА