"Дэвис кубоги": теннисчиларимизни жиддий синов кутмоқда
Шу кунларда теннис бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси “Дэвис кубоги”нинг жаҳон гуруҳи II плей-офф босқичи доирасидаги учрашувда иштирок этиш учун Нигерияда бўлиб турибди.
Вакилларимиз мазкур босқичда Нигерия терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу икки терма жамоа ўртасидаги учрашувлар 7–8 февраль кунлари Лагос шаҳрида бўлиб ўтади. Баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан Ҳумоюн Султонов, Илья Игнатов, Абдулазиз Усмонжонов, Суҳроб Саидов ва ўйинчи-сардор Денис Истомин ўрин олган. Нигерия терма жамоаси эса Даниел Аделейе, Канис Абуа, Майкл Эммануэл, Ченна Опараожи ва Абубакара Юсуф ҳамда сардор Бенсон Ачи Ишичели каби теннисчилар билан иштирок этади.


Мазкур қарама-қаршилик натижасига кўра, ғалаба қозонган жамоа “Дэвис кубоги” Жаҳон гуруҳининг I босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Мағлуб жамоа эса Жаҳон гуруҳи II даги ўз ўрнини сақлаб қолади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА