Шу ойнинг 31 санасидан 1 февраль кунига қадар теннис бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси “Дэвис кубоги”нинг I Жаҳон гуруҳи учун плей-офф босқичида Босния ва Герцеговина билан рақобатлашади.
Мазкур учрашувдан олдин ҳар иккала жамоанинг мусобақадаги иштироки ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз.
Теннисчиларимиз айни дамда 278.5 очко жамғарган ҳолда умумий рейтинг жадвалида 42-ўриндан жой олган. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақада 1994 йилдан буюн мунтазам турли босқичларда иштирок этиб келмоқда. Ўтган 31 йил давомида жамоамиз жами 71 та ўтказилган ўйиндан 40 тасида ғалаба қозонган бўлса, 31 тасида мағлубиятга учраган.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида “Дэвис кубоги” мусобақасида энг кўп ғалаба қозонган теннисчи бу Олег Огородовдир. Олег жами 77 та ўйинда кортга тушган бўлиб, яккалик баҳсларда 36 та ғалаба ва 14 мағлубият қайд этган. Турли теннисчилар билан тандемда ўтказган жуфтлик беллашувларида эса 17 та учрашувда зафар қучиб, 10 марта енгилган.
Шунингдек, терма жамоамиз таркибида ушбу нуфузли кубок баҳсларида энг кўп қатнашган теннисчилардан яна бири Денис Истомин бўлиб, у жами 86 та учрашувда кортга чиққан. Мазкур ўйинларнинг яккалик беллашувларида Денис 35 та ғалаба, 18 та мағлубият қайд этган. Жуфтлик баҳсларида 17 та ўйинда зафар қучган бўлса, 16 та учрашувда таслим бўлган.

Энди эса Босния ва Герцеговина термаси ҳақида айрим фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу жамоа “Дэвис кубоги”да 1996 йилдан буён турли босқичларда қатнашиб келмоқда. Жамоа ўтган 29 йил давомида 102 та ўйинда 55 ғалаба ҳамда 47 мағлубият қайд этган. Ҳозирда “Дэвис кубоги” жадвалида 30-ўринда бормоқда.
Ушбу терма жамоанинг мазкур мусобақада энг яхши натижа қайд этган теннисчиси Мирза Басич бўлиб, у терма жамоада яккалик ҳамда жуфтлик учрашувларида 36 та муваффақият ва 25 мағлубият натижа кўрсатган.
Дарвоқе, Ўзбекистон ҳамда Босния ва Герцеговина терма жамоалари “Дэвис кубоги”да ўзаро бирор маротаба тўқнаш келмаган.
Ушбу терма жамоаларнинг илк учрашувида терма жамоамиз шарафини Ҳумоюн Султонов, Сергей Фомин, Максим Шин ва Раҳимбек Иброҳимов ҳимоя қилади. Босния ва Герцеговина термаси эса мазкур беллашувга Дамир Жумҳур, Нерман Фатич, Мирза Басич ва Андрей Недич каби теннисчилар билан ташриф буюрган
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон – Босния ва Герцеговина учрашуви 31 январь — 1 февраль кунлари пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби ёпиқ кортларида ташкил этилади.
Илк кунги учрашувлар соат 13:00да, 1 февралдагиси эса 11:00 да бошланади. Икки терма жамоа ўртасидаги баҳс ғолиби I Жаҳон гуруҳига йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА