Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Deutschlandfunk“ радиоканалида “Астрономия ва Самарқанд султони” эшиттириши берилди
20:21 / 2024-04-02

Буюк олим, фалакиёт илми султони, давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Германиянинг оммабоп "Deutschlandfunk“ радиоканалида “Астрономия ва Самарқанд султони” номли дастур эфирга узатилди.

ГФРдаги элчихонамиз маълумотига кўра, эшиттиришда буюк ватандошимиз ўз даврида йирик империя пойтахти бўлган Самарқанддан туриб салтанатни бошқаргани ва шу билан бир вақтда фалак илми билан ҳам машғул бўлгани ҳақида сўз борган.

Муаллиф болалигидан бобоси Амир Темур тарбиясини олгани, олим-у фузалолар мулоқотини эшитиб улғайгани, айниқса математика ва фалакиётга жуда қизиққани, кўп вақтини отаси ва бобоси тўплаган бой кутубхонада ўтказгани Мирзо Улуғбекнинг дунёқараши шаклланишига замин яратганига урғу берган.

Аллома илмга садоқати туфайли Самарқандда мадраса, бугунги кун таъбири билан айтганда, университет барпо этган. Дунё тан олган астроном 600 йил аввал барпо этган расадхона ўша даврнинг энг мукаммал илмий иншооти саналган.

Шоҳ бўлишига қарамай, Улуғбек юлдузлар ўлчами бўйича ҳисоб-китоб олиб борган, қуёш, ой, сайёралар ҳаракатини мунтазам кузатган. Али Қушчи каби шогирдлари билан бирга эклиптиканинг экваторга нисбатан оғмалигини аниқлашга муваффақ бўлган.

Дастурда Улуғбек астрономик йил узунлигини ўта аниқ, яъни бир  дақиқа 2 сония фарқ билан ўлчагани келтирилади. Бу амал улкан илмий  аҳамиятга эга. Ҳали телескоп бўлмаган даврда бобомиз яратган асосий ускуна – 40 метр радиусли секстант, айниқса, жуда машҳур эди. Аждодларимиз астрономия соҳасида эришган мислсиз ютуқлар – секстант ўлчови ва қулай тузилиши Улуғбекнинг билими, шогирдлари хизмати натижасидир.

Ўрта асрлар буюк фалакшуносининг фан учун яна бир беқиёс хизмати “Зижи жадиди Кўрагоний” юлдузлар каталогидир. Ушбу тўпламда мингдан ортиқ юлдуз ҳақида маълумот берилган. Птолемейдан кейин, орадан минг йил ўтиб, Улуғбек осмонни тизимли ўлчашга эришган. Самарқанд обсерваториясидан 1018 юлдузнинг жойлашуви ақл бовар қилмас даражада аниқлик билан белгиланган.

– Самарқандлик шоҳ ва астроном 55 ёшида вафот этди, – дея хулоса қилади “Deutschlandfunk” радиоси сухандони. – У ўрта асрлар буюк астрономи сифатида тарих зарварақларида муҳрланиб қолди. Дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган бундай олимлар хотирасини доим ёд этиш, улар яратган бебаҳо меросни келгуси авлодларга етказиш ҳар бир жамиятнинг бурчидир.

Хулоса шуки, хориж матбуотида мамлакатимизнинг тарихи ва бугуни, ўзбекнинг улуғ шахслари ҳақида мақола, видео ва аудио материаллар чиқиши  юртимиз тарихини ва улуғ сиймоларимизни дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА