Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг иқтисодий алоқаларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Германия туризм ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Destination forum” халқаро конференцияси ўтказилди.
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ва Германия туризм ассоциацияси президенти Норберт Фибиг икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва бу борада ўзаро етакчи туроператорлар, туристик агентликлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда ушбу анжуман муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Ўзбекистон мунтазам равишда Германияда ташкил этиладиган жаҳондаги энг йирик “IT-B-Berlin” туристик ярмаркасида иштирок этиб, Германиянинг етакчи ОАВ вакиллари ва туроператорлари учун мамлакатимизга пресс-тур ва саёҳатлар уюштирмоқда, – дейди маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков. – Шунингдек, Германияда “Ўзбекистон туризм ва маданияти кунлари”ни ўтказиш ҳам яхши анъанага айланиб улгурган. Айнан бугунги тадбирнинг ўтказилишидан мақсад ҳам Германиядан юртимизга келувчи туристлар сонини кўпайтириш ва Германиянинг йирик туркомпаниялари ёрдамида Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Ғарбий Европа бўйлаб тарғиб қилишдан иборат.
[gallery-11892]
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “DRV” Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи ассоциацияси бўлиб, у Германия туристик бозори даромадининг қарийб 90 фоизини ташкил этувчи, хусусан, етакчи туроператорлар, туристик агентликлар, авиакомпаниялар, темир йўл, меҳмонхоналар ва бошқа сайёҳлик бизнеси корпорацияларини ўзида бирлаштиради.
“Destination forum” халқаро форуми давомида германиялик ва ўзбекистонлик туризм йўналиши тадбиркорлари иштирокида “Б2Б” учрашувлар ҳамда Германиянинг энг йирик сайёҳлик агентликлари ва туроператорларига европаликлар учун Ўзбекистонни устувор сайёҳлик йўналиши сифатида таништиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, тадбир давомида Германия туризм ассоциацияси аъзолари билан биргаликда туризм дастурларини кенгайтириш, Германиядан келадиган туристларни қизиқтирадиган янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш ва немис туроператорлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, қолаверса, туристик компаниялар ўртасида шартномалар тузиш ва ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА