Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатнинг Халқ демократик партияси ғоялари ҳақидаги гапларига муносабат
21:12 / 2021-04-16

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ижтимоий тармоқларда Халқ демократик партияси ғояларини ўзига хос усулда талқин қилибди.

Хусусан, «бу партиянинг ўзи ҳамма нарсани давлат ҳисобига бўлишини хоҳлайди. Керак бўлса, коммунал тўловларни ҳам давлат тўлаб берса. Текинга уйларни тўғрилаб беришса. Социал демократиянинг фундаментал ғояларига ўхшаб, ҳамма нарсани давлат қилиб берса...» деган фикрларни билдирибди.

Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида қандай ғоя ва таклифларни илгари сураётгани аниқ ёзиб қўйилган.

Ҳар қандай жамиятда ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам бўлади, қонун қабул қилиш, давлат бошқарувини амалга ошириш жараёнларида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ифода этилиши ва ҳимоя қилиниши зарур. Халқ демократик партияси шунга интилади.

Партия дастурида «ҳамма нарса давлат ҳисобига бўлиши керак»лиги ёки партия шуни хоҳлаши ҳақида ҳеч қандай ғоя ҳам, таклиф ҳам йўқ.

Партиянинг асосий ғояси жамиятдаги ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлат бу борада ижтимоий йўналтирилган сиёсат юритиши кераклиги бўйича таклифлар илгари сурилган.

Яъни, давлат фуқаролар олдидаги мажбуриятларини бажариши, жумладан, таълим олиш, ҳунар ўрганиш, меҳнат қилиш, ишга муносиб ҳақ олиш, даромад манбаига эга бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби устувор ҳуқуқлар рўёбга чиқиши учун ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, барча фуқароларга шароит яратилиши керак.

Камбағалликни қисқартиришга қаратилган ҳозирги ислоҳотлар айримларга ўхшаб ижтимоий муҳофазага муҳтожларни айблашга эмас, уларга шароит яратишга, кўмак беришга асосланган. Бу Халқ демократик партияси ғоялари амалга ошаётганини кўрсатади.

Коммунал тўловлар масаласига келсак, Халқ демократик партияси дастурида коммунал хизматлар текин бўлиши эмас, уларнинг нархи ижтимоий мақбул бўлишини таъминлаш зарур деган таклиф илгари сурилган. Бунда аҳоли томонидан сотиб олинаётган хизматлар сифати ва уларнинг нархи аҳоли даромадларига мутаносиб бўлиши назарда тутилган.

Энди уйларнинг текинга тўғрилаб берилиши масаласига тўхталсак. Бир неча йилдан буён аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича катта ишлар қилиняпти. Муҳофазага муҳтож фуқароларга енгиллик ва имтиёзлар бериляпти, баъзи ҳолларда бошланғич тўлов учун субсидиялар ажратиляпти, лекин бу уйлар текин тарқатилаяпти, дегани эмас.

Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида «арзон уй-жойлар сонини кўпайтириш, ушбу соҳада имтиёзли кредит ажратиш амалиётини такомиллаштириш» масаласини қўйган. Яъни, уйларнинг текинга тўғрилаб берилиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Демак, Алишер Қодиров Халқ демократик партиясининг дастури билан яхши таниш бўлмаган ҳолда, сўз юритгани аён бўлмоқда.

Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи