Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига сиёсий партиялар томонидан қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Қонунчилик палатасига бир мандатли округлардан кўрсатилган номзодлар учун махсус семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарни Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова кириш сўзи билан очиб, ушбу тадбир сайловларда партиядан Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодларнинг стратегик, тактик ва амалий кўникмаларини оширишда муҳим роль ўйнашини айтиб ўтди.

Шунингдек, мазкур семинарлар депутатликка номзодларнинг сайлов жараёнига оид барча босқичларда муносиб иштирок этиши ва ўз сайлов маъруза ҳамда платформаларини тайёрлашда керакли услубий кўникмаларга эга бўлишларига хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов аралаш сайлов тизими моҳияти, унинг олдинги сайлов тизимидан фарқи хусусида сўз юритди.

Таъкидланганидек, бу йилги сайловлар юртимиз сайлов қонунчилигига кўра, янги амалиёт асосида ўтказилади. Бу эса, ўз навбатида, сиёсий партиялар учун ҳам, улардан кўрсатиладиган номзодлар учун ҳам қизғин рақобат муҳитини юзага келтиради.

Семинар давомида сайлов қонунчилиги ва унинг ҳуқуқий асослари, номзодларнинг ижтимоий мақоми, уларнинг сайлов жараёнидаги ҳуқуқлари каби масалалар муҳокама қилинди. Ушбу муҳим сиёсий жараёнда партиянинг фаол иштирокини юқори савияда таъминлаш лозимлиги қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА