Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимида очиқлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга чиқди.
Давлат органлари фаолиятини халққа яқинлаштириш, мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда маҳаллий Кенгаш депутатлари алоҳида ўрин тутади. Чунки айнан улар аҳоли билан давлат ўртасидаги энг яқин боғловчи бўғин ҳисобланади.
Маҳаллий Кенгаш депутати фақат қарорларга овоз берувчи шахс эмас. У жойлардаги муаммоларни билиши, аҳолининг дард-ташвишини тинглаши ва уларни давлат идоралари олдида қатъий тарзда кўтариб чиқиши лозим бўлган жамоат вакилидир. Ана шу вазифани амалга оширишда депутатлик сўрови институти депутат ваколатларининг энг таъсирчан ва амалий шакли сифатида намоён бўлмоқда.
Депутатлик сўрови — бу оддий хат ёки расмий мурожаат эмас. У халқ овозини қонун тилида давлат органларига етказадиган демократик механизмдир. Ҳар бир депутатлик сўрови ортида муайян маҳалла, муайян оила, айрим ҳолларда эса инсон тақдири туради. Шу боис у халқ билан давлат ўртасидаги мулоқотни таъминлайдиган, мансабдор шахсларни жавобгарликка чорлайдиган ва қонун устуворлигини амалда кўрсатадиган таъсирчан восита ҳисобланади.
Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, депутатлик сўровлари ҳар доим ҳам ўз имкониятларига яраша ишламаяпти. Айрим ҳолларда сўровларга жавоб бериш кечиктирилади, баъзида эса мазмунсиз, умумий иборалар билан чекланилади. Масъулиятни бошқа идораларга юклаш, “келгусида кўриб чиқилади” деган жавоблар билан муаммони ортга суриш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса жамоатчилик назоратига бўлган ишончни пасайтиради.
Аслида эса депутатлик сўрови давлат органлари учун қўшимча юк эмас. Аксинча, у улар фаолиятини такомиллаштириш, жойлардаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга хизмат қилади. Депутатлик сўрови мансабдор шахсларни фақат ҳисобот беришга эмас, балки аниқ натижа кўрсатишга ундайди. Муаммо ечим топган жойда эса аҳолининг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Бежиз эмаски, Ўзбекистон Республикаси Президенти сўнгги йиллардаги чиқишларида, хусусан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномаларда маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлат раҳбари депутатлик сўровларини формал ҳужжат сифатида эмас, балки аниқ натижа бериши шарт бўлган амалий восита сифатида қабул қилиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда.
Президент томонидан депутатлик сўровларига ўз вақтида жавоб бермаган, мазмунсиз ёки ҳаволаки ахборот тақдим этган мансабдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш лозимлиги очиқ айтилмоқда. Бу эса маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятида янги ҳисобдорлик ва жавобгарлик мезонларини шакллантирмоқда.
Бу сиёсий ирода бежиз эмас. Чунки жойлардаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммолар йиллар давомида назорат етишмаслиги ва “менинг ваколатим эмас” деган ёндашув сабабли ҳал этилмасдан келган. Президентимизнинг позицияси эса аниқ: ваколатлар тақсимоти фуқаролар муаммосини кечиктириш учун баҳона бўлмаслиги керак.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, депутатлик сўрови — бу халқ овози билан давлат масъулиятини боғлаб турувчи муҳим кўприкдир. У қанчалик самарали ишласа, давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлиги шунчалик ортади. Агар депутатлик сўрови институти тўлиқ ишга тушса, жойлардаги муаммолар ўз вақтида ҳал этилади, аҳолининг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади ва жамиятда адолатли бошқарув муҳити қарор топади.
Бугун Ўзбекистонда депутатлик сўрови институтининг қонунчилик асоси етарлича мустаҳкам. Амалдаги қонунларга мувофиқ, маҳаллий Кенгаш депутати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига депутатлик сўрови юбориш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ шунчаки декларация эмас — у аҳолининг муаммоларини давлат даражасида кўтариш учун берилган қонуний ваколатдир. Шу билан бирга, мансабдор шахслар ҳам бу сўровларга белгиланган муддатларда, аниқ ва асослантирилган жавоб беришга мажбур.
Қонунларда депутатлик сўровига жавоб бериш тартиби очиқ ва равшан белгилаб қўйилган. Қачон жавоб бериш керак, жавобни ким имзолаши лозим, жавобда нима дейилиши шарт — барчаси аниқ ёзилган. Ҳатто депутатлик сўровини кўриб чиқмаслик, уни кечиктириш ёки унга била туриб нотўғри маълумот тақдим этиш учун маъмурий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Яъни қонун бор, талаб бор, жавобгарлик ҳам белгиланган.
Бироқ ҳаёт қонун саҳифаларида ёзилганидек ишламаётган ҳолатлар ҳам бор. Амалиётда кўп ҳолларда қонун билан ҳаёт ўртасидаги тафовут яққол сезилади. Айрим депутатлик сўровлари ўз вақтида кўриб чиқилмайди, баъзиларига эса умумий, мазмунсиз жавоблар берилади. “Назоратга олинди”, “келгусида ҳал этилади”, “ваколат бошқа идорага тегишли” каби иборалар билан чекланилган жавоблар кўпчиликка таниш ҳолга айланган.
Бундай ёндашув фақат қонун талабларини бузиш эмас, балки аҳолининг давлатга бўлган ишончига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки фуқаро депутат орқали муаммосини қонун доирасида кўтарган бўлса-да, натижани кўрмаса, у қонунга ҳам, давлат органларига ҳам ишонмай қўяди. Аслида эса депутатлик сўрови қоғоз учун жавоб олиш эмас, муаммони ҳал этиш учун юборилади.
Шу боис қонунчилик асоси бор жойда масъулият ҳам бўлиши шарт. Ҳар бир мансабдор шахс депутатлик сўровини шахсий вазифаси сифатида қабул қилиб, унга жавоб беришни формал мажбурият эмас, балки жамоат олдидаги бурч деб билиши лозим. Фақат шундагина депутатлик сўрови ҳақиқий таъсирчан механизмга айланади, қонун билан ҳаёт ўртасидаги узилиш бартараф этилади.
Қонунчилик асоси бор, талаблар аниқ. Лекин қонун қандай ишлаётганини англаш учун қоғоздаги меъёрларга эмас, амалдаги рақамларга қараш кифоя. Очиқ таҳлилий маълумотлар шуни кўрсатадики, сўнгги бир йил давомида республика бўйича ўн минглаб депутатлик сўровлари юборилган. Бу, бир томондан, депутатларнинг фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, давлат органлари олдида турган масъулиятни ҳам яққол намоён этади.
Афсуски, рақамлар доим ҳам қувонарли эмас. Юборилган депутатлик сўровларининг салмоқли қисмига умуман жавоб берилмаган ёки жавоблар қонун билан белгиланган муддатлардан анча кечиктириб юборилган. Айрим ҳолларда эса жавоб берилгандек туюлса-да, унинг мазмуни муаммони ҳал этишга қаратилмаган бўлади.
Кўпчиликка таниш манзара: депутатлик сўровига жавоб сифатида умумий иборалар, ҳаволаки қонун нормалари ёки “мазкур масала бошқа идора ваколатига киради” деган жавоблар келади. Яъни, қоғозда жавоб бор, аммо амалда ечим йўқ. Бундай ёндашув депутатлик сўровининг асл моҳиятини йўққа чиқаради, уни фақат формал ёзишма даражасида қолдиради.
Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар оддий фуқаролар кайфиятига салбий таъсир кўрсатади. Чунки аҳоли депутат орқали қонун доирасида муаммосини кўтарган бўлса-да, натижа кўрмаса, “барибир фойдаси йўқ” деган фикр шаклланади. Бу эса давлат органларига бўлган ишончни сусайтиради, жамоатчилик назоратининг самарадорлигини пасайтиради.
Шу маънода, республика миқёсидаги рақамлар бир ҳақиқатни очиқ кўрсатмоқда: депутатлик сўрови институти мавжуд, қонунлар ишлаб турибди, аммо унинг таъсири кўп жиҳатдан мансабдор шахсларнинг муносабатига боғлиқ. Агар сўровларга жавоб бериш масъулият эмас, ортиқча юк сифатида қабул қилинса, ҳеч қандай қонун кутилган натижани бермайди.
Депутатлик сўрови эса айнан шундай вазиятларни ўзгартириш учун керак. У рақамларда эмас, аниқ ечимларда, ҳал этилган муаммоларда ўз самарасини кўрсатиши лозим. Фақат шундагина қонун билан ҳаёт ўртасидаги узилиш қисқаради, халқнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Республика миқёсидаги умумий ҳолатни кўрганимиздан сўнг, энди пойтахт — Тошкент шаҳри тажрибасига назар ташлаш ўринли. Чунки Тошкент шаҳар Кенгаши фаолияти, айни пайтда, депутатлик сўровлари қандай ишлаётганини кўрсатиб берадиган ўзига хос ойна вазифасини ўтайди.
Тошкент шаҳри мисолида депутатлик сўровлари орқали кўплаб амалий масалалар кўтарилган. Уй-жой коммунал хизматлари, йўл ва транспорт инфратузилмаси, жамоат хавфсизлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари энг кўп мурожаат қилинган йўналишлар ҳисобланади. Бу эса пойтахт аҳолисининг кундалик ҳаёти билан боғлиқ муаммолар депутатлар диққат марказида эканини кўрсатади.
Қувонарлиси, юборилган сўровларнинг катта қисмига жавоб берилган. Лекин чуқурроқ таҳлил шуни кўрсатадики, жавобнинг борлиги ҳар доим ҳам натижа борлигини англатмайди.
Хусусан: — жавобларнинг салмоқли қисми белгиланган муддатдан кеч юборилган; — кўп ҳолларда жавобларга бевосита раҳбарлар эмас, уларнинг ўринбосарлари имзо чеккан; — айрим сўровлар эса умуман жавобсиз қолган.
Бу ҳолатлар депутатлик назорати ҳали тўлиқ ишлаб кетмаганини, айрим идораларда депутатлик сўровига ҳануз иккинчи даражали масала сифатида қаралаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, депутатлик сўрови тўғри қўлланилган, масъулият билан кўриб чиқилган ҳолларда у жуда самарали эканини тасдиқлайдиган ижобий мисоллар ҳам кам эмас. Айрим маҳаллаларда депутатлик сўровлари орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилди, йўл ҳаракати хавфли бўлган ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойлари қайта ташкил этилди. Болалар боғчалари ва мактаблар қурилиши бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди, зарур ҳолларда манзилли дастурларга таклифлар киритилди.
Бу ишлар қоғозда эмас, ҳаётда сезилди. Маҳалла кўчалари ёритилди, хавфли йўллар хавфсизлаштирилди, болалар учун янги таълим муассасалари режалаштирилди. Энг муҳими, одамларда “депутатга мурожаат қилса, муаммо ечим топиши мумкин” деган ишонч пайдо бўлмоқда. Бу ишонч эса жамоатчилик назоратининг энг катта ютуғи ҳисобланади.
Бироқ ижобий мисоллар билан бир қаторда, энг оғриқли масалалардан бири ҳам мавжуд — бу мазмунсиз, масъулиятдан қочувчи жавоблар, халқ тилида айтганда, “қолипли жавоб-отписка”лардир. Айрим мансабдор шахслар депутатлик сўровини чуқур ўрганиш ўрнига, уни бошқа идора ваколатига ўтказиб юбориш ёки келажакда нимадир қилиниши мумкинлиги ҳақида умумий маълумот бериш билан чекланмоқда.
Аслида эса депутатлик сўрови келажакда нима бўлиши мумкинлигини эмас, айнан нима қилинади, қачон қилинади ва ким жавобгар бўлади, деган саволларга жавоб беришни талаб қилади. Шу жиҳатдан, “қолипли жавоб-отписка”лар фақат битта сўровни эмас, балки жамоатчилик назоратига бўлган ишончни емирувчи тизимли иллат сифатида баҳоланиши керак.
Жамият манфаати нуқтаи назаридан қаралса, Тошкент шаҳар Кенгаши тажрибаси депутатлик сўровининг ҳам имкониятлари катта эканини, ҳам унинг олдида ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Қачонки депутатлик сўровига масъулият билан ёндашилса — натижа бўлади. Акс ҳолда эса, у фақат қоғозда қолиб кетиши мумкин.
Депутатлик сўровлари самарадорлиги фақат қонунлар ёки расмий жавоблар билан ўлчанмайди. Унинг таъсири жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки билан янада кучаяди. Газета, интернет нашрлари, телевидение ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалалар мансабдор шахсларни бефарқ қолдирмайди, уларни жавобгарликка ундайди ва муаммоларни очиқ муҳокама қилишга мажбур этади.
Агар депутатлик сўрови фақат идоралар ўртасидаги ёзишма сифатида қолиб кетса, унинг таъсири чекланган бўлади. Аммо у оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка етказилса, масала шахсий эмас, ижтимоий аҳамиятга эга муаммога айланади. Бу эса давлат органлари учун қўшимча масъулият юклайди. Чунки жамоатчилик олдида берилган ваъда ёки жавоб кейинчалик бажарилиши шарт бўлган мажбуриятга айланади.
Шу боис депутатлик сўровлари ҳақида жамоатчиликка очиқ, таҳлилий мақолалар чоп этилиши — фақат танқид қилиш эмас. Бу, энг аввало, тизимдаги камчиликларни кўрсатиш, яхши тажрибаларни оммалаштириш ва давлат органлари фаолиятини яхшилашга қаратилган фуқаролик позициясидир. ОАВ бу жараёнда воситачи эмас, балки жамоатчилик назоратининг тўлақонли иштирокчиси ҳисобланади.
Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, депутатлик сўровлари институти самарали ишлаши учун қатор амалий чоралар зарур. Мутахассислар ва амалиётчилар фикрига кўра, аввало сўровлар ижросини шаффоф ва очиқ қилиш талаб этилади. Бунинг учун электрон платформалар орқали депутатлик сўровларининг ижросини реал вақтда кузатиш имкониятини кенгайтириш муҳим.
Алоҳида қайд этиш жоизки, депутатлик сўровларига жавобларни шахсан раҳбарлар томонидан имзолаш амалиётини кучайтириш лозим. Бу жавобнинг масъулиятини оширади ва масалага формал эмас, жиддий муносабатни таъминлайди. Сўровлар натижаларини маҳаллий Кенгаш сессияларида очиқ муҳокама қилиш эса мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлигини янада мустаҳкамлайди.
Ижросиз қолган ёки кечиктирилган ҳолатлар бўйича эса ҳуқуқий механизмларни ишга солиш зарур. Қонун талаблари фақат қоғозда эмас, амалда ҳам ишлаши керак. Акс ҳолда, депутатлик сўрови ўз таъсирини йўқотиши мумкин.
Депутатлик сўрови — бу қоғозда ёзилган ҳуқуқ эмас, балки халқ ишончи билан депутатга берилган ваколатдир. Унинг қандай ишлаши мансабдор шахсларнинг қонунга, депутатга ва энг аввало, аҳолига бўлган муносабатига бевосита боғлиқ.
Агар депутатлик сўровлари ҳақиқий жамоатчилик назорати воситасига айланса, жойларда йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, давлат ва жамият ўртасида ишончли мулоқотни таъминлаш мумкин бўлади. Бу эса демократик ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида жамият ҳаётида ўз аксини топади.
Даврон Равшанбеков,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаш депутати