Депутатлик гуруҳи аъзолари учун семинар бўлиб ўтди
Йиғилишда жойлардаги депутатлар фаолиятига ҳам танқидий ёндашилди.
“Адолат” социал-демократик партияси томонидан жойлардаги депутатлик гуруҳи аъзолари учун “Ислоҳотлар ижросида халқ вакилларининг ўрни” мавзуида республика семинари бўлиб ўтди.
Семинарда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жойларда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, пандемия шароитида жойларда вужудга келган муаммоларнинг ечими юзасидан маҳаллий Кенгаш сессия ва доимий комиссияларига масалалар киритиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Онлайн тарзда бўлиб ўтган тадбирда сўнгги йилларда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрни мустаҳкамланиб борилаётгани қайд этилди. Жумладан, давлат идораларида жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини бошлади, фуқаролик жамияти институтларига субсидия ва грантлар учун ажратиладиган маблағ уч йил ичида қарийб уч бараварга оширилди, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг хорижий грантларни олиши ва тадбирларни ўтказиши билан боғлиқ қатор тўсиқлар бекор қилинди. Барча муҳим қарорларни, шу жумладан, қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фақатгина жамоатчилик муҳокамасидан кейингина қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Жорий йилда Президент фармони билан Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. Шу билан бирга жойларда халқ вакилларининг янада самарали фаолият юритиши учун бир қатор қонунларга ўзгартириш киритилмоқда. Яъни, ҳокимларнинг бир қатор ваколатларини маҳаллий кенгашларга олиб бериш ва кенгашлар ҳузурида котибиятларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатларининг келгуси беш йилликда жойларда сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда, оммавий ахборот воситаларида билдирилган, ижтимоий аҳамиятга эга фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, кўтарилган савол ва муаммоларнинг барчаси парламентдаги партия фракциялари учун келгуси беш йиллик фаолият дастурига айланиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда жойлардаги депутатлар фаолиятига ҳам танқидий ёндашилди. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, жорий йил 1-ярим йиллигида маҳаллий Кенгаш сессияларига 79 та масала киритилди. Ушбу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизга кам эканлиги таъкидланди. Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан маҳаллий Кенгашларда кўриб чиқиш учун доимий комиссияларга 183 та масала киритилди. Ушбу кўрсатгични ҳам қониқарли деб баҳолаб бўлмайди.
Йиғилиш якунида партия депутатларининг жорий йил учун белгиланган режаларни тўлиқ бажариш ва жойлардаги аҳоли муаммоларини депутатлик назорати институтидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш каби вазифалар белгилаб олинди.
