Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатларнинг жойлардаги ўрганишлари самарали бўляптими? (+видео)
15:47 / 2025-11-21

Халқ томонидан вакил сифатида сайлаб қўйилган ҳар бир депутат ўз фаолияти, амалий саъй-ҳаракатлари билан аҳолини ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топиши лозим.

Ҳудудларда ўз ечимини кутаётган муаммолар, аҳоли вакилларини ташвишга солаётган айрим масалалар борки, уларни ижобий ҳал қилишда депутатларнинг ўрни ва иштироки алоҳида аҳамият касб этади.  

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирида ўз сайлов округларига, ҳудудларга чиқиб, ўрганишлар олиб бориши, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши анъана тусини олди. Қувонарлиси, мазкур учрашув ва ўрганишлар давомида ҳудудлардаги бир қатор ижтимоий-маиший масалалар ҳал этилмоқда.  

Депутатларнинг жойларда ўрганишлар олиб боришининг аҳамияти, бу саъй-ҳаракатлар қай даражада самара бераётгани ҳақида парламент қуйи палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳаматованинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.  

—  Депутат — халқ вакили, халқ вакили эса ҳамиша халқ билан бирга, сайловчилар билан ҳамнафас бўлиши керак, — дейди Шаҳноза Холмаҳаматова. — Ҳар ойнинг якунида биз депутатлар ўз сайлов округларимизга чиқиб, ўрганишлар олиб бораяпмиз. Сайловчилар, албатта, ўзлари сайлаган вакилга ўз муаммоларини айтишдан, вакил орқали уларни ҳал этишдан манфаатдор.  

Жойларга чиққанимизда қатор ижобий натижалар, муваффақиятлар билан бирга, айрим муаммолар ҳам борлигига амин бўламиз. Масалан, инфратузилма билан боғлиқ, бандлик, коммунал соҳа, маълум дастурлар ёки қонун ҳужжатларини амалга оширишнинг ижро механизми билан боғлиқ бўлган масалалар бор. Асосий мақсадимиз кўтарилган муаммоларни тегишли мутасаддилар билан биргаликда ҳал этиш ва шу орқали сайловчиларимизнинг кайфиятини кўтаришдан иборат.  

Учрашувларда кўтариладиган айрим муаммолар ўша жойнинг ўзида ҳал бўлиши мумкин. Баъзилари вақт ёки ресурс талаб этиши мумкин. Баъзилари эса аслида муаммо ҳам бўлмайди, шунчаки нотўғри тушунча орқали юзага келган масала бўлиши мумкин. Бундай мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берамиз.

Депутатларга янги ваколатлар берилгани эътиборга молик. Яъни, “Ташаббусли бюджет” доирасида депутатларнинг таклифига кўра бюджет маблағлари ажратилиши ёки Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш жараёнида халқ вакилларининг таклифлари инобатга олинаётгани ҳудудлардаги масалаларга ечим топишда муҳим.  

Батафсил қуйидаги видеоҳаволада.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dIBXgYzOYgY" title="Deputatlarning joylardagi o‘rganishlari samarali bo‘lyaptimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова,

Нишон Абдувоитов, Искандар Исматов (видео), ЎзА