English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатларнинг тортишув ва мунозаралари қарор лойиҳасини пишитиш кераклигини кўрсатди
22:06 / 2021-08-10

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Қарор лойиҳасига кўра, Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳудудидан Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ҳудудига 7853,3 гектар ер майдонлари қўшиб берилмоқда. Ўз навбатида Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманлари ҳудудидан Тошкент вилоятининг Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудига 171,3 гектар ер майдонлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Маълумотларга қараганда, 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2737,2 минг кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ёки 101,6 фоизга ўсган, аҳолининг зичлиги 1 км кв. майдонга 7564 кишини ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида, келгусида Тошкент шаҳрини ривожлантириш, ҳудудини янада кенгайтириш каби масалаларни юзага чиқаради.

Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг йил сайин юқори суръатларда ўсиб бориши натижасида шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш масалаларини ҳал этиш чораларини кўришни тақозо этади. Бу каби муаммолар эса, Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкин.

Маърузачининг таъкидлашича, Тошкент вилояти ҳудудидан Тошкент шаҳрига ер майдонларининг ўтказилиши келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга, хорижий инвестицияларни жалб этишга, шаҳар экспорт салоҳиятини оширишга, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини янада яхшилашга олиб келади.

Муҳокамалар давомида кўплаб жиддий саволлар юзага келди. Халқ вакиллари ўзгариши мумкин бўлган ҳудудларда инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва солиқлар тўлаш каби бир нечта масалаларда муаммолар юзага келиши мумкинлиги бўйича эътирозлар билдирдилар. Ҳозир Тошкент шаҳрига ўтказилиши режалаштирилган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Уларнинг пойтахт тасарруфига кўчирилиши келажакда озиқ-овқат захирасининг камайиб кетишига олиб келмайдими, деган мазмундаги мулоҳазалар ўртага ташланди. Депутатлар Тошкент шаҳрини кенгайтириш жараёнларида халқимиз турмуш фаровонлигига дахл қилмайдиган мақбул йўлларни топиш мақсадга мувофиқ деган хулосага келдилар.

Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан халқ вакиллари томонидан берилган кўплаб саволлар очиқ қолди. Уларга жавоб излаш ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида мутахассис ва масъул қўмита аъзолари яна бир карра бир стол атрофида қарор лойиҳасини маромига етказиш устида бош қотиради. Масала Қонунчилик палатасининг кейинги ялпи мажлисига киритиладиган бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати