Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар ёшлар ва тадбиркор хотин-қизлар билан учрашди
10:29 / 2026-02-02

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга фаол жалб этиш ҳамда депутатлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Навоий юридик техникумида “Депутат ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди.

ЎзЛиДеП Ёшлар қанотининг “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларга оид давлат сиёсати, таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббуслари, креатив стартап лойиҳалар ва IT соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Учрашув жараёнида депутатлар томонидан ёшларни қизиқтирган масалалар юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди. Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, амалиёт ва ишга жойлашиш масалалари, шунингдек, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти”нинг “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида эса Меъморлар маҳалласида фаолият юритувчи ҳунарманд тадбиркор хотин-қизлар томонидан қўл меҳнати асосида тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. 

Унда ҳамкор ташкилотлар ҳамда депутатлардан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб чиқди.

Тадбирда мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этиб келаётган тадбиркор ва фермер хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, хотин-қизлар тадбиркорлигининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, тадбиркорликка оид касбий маҳорат ва билимларни ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. 

Шу билан бирга, партия Дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган хотин-қизларга партиянинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари топширилди.

А.Бўриев, ЎзА