French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар устувор вазифалар ижросини ўрганди
16:42 / 2024-03-04

Мамлакатни 2024 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доирасида белгиланган муҳим вазифаларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш учун Наманган вилоятига келган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ишчи гуруҳи ўз ишини Тўрақўрғон туманидан бошлади.

Туман ҳокимлигида маҳаллий Кенгаш ҳамда ижро ҳокимияти органлари иштирокида ўтказилган йиғилишда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш, инвестиция, саноат, қурилиш, транспорт, экология, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўтказиладиган парламент назоратининг мақсад-вазифалари тушунтирилди. 

Ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди. Хусусан, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш йўналиши бўйича саноатда таннархни 15 фоизга камайтириш, корхоналарда қўшилган қийматни ошириш, янги имкониятларни ишга солиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят саноатида муҳим ўрин тутадиган ишлаб чиқариш субъектлари – "Ифтихор кийим саноат" масъулияти чекланган жамияти, “Runam-teks” хорижий корхонаси ва “FT textile group” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда уларнинг натижадорлиги билан жойига чиққан ҳолда танишилди, тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ўрганилди.

Даставвал “Дўстлик” ордени соҳибаси Анна Добрих бошчилигидаги “Ифтихор кийим саноати” МЧЖ томонидан барпо этилаётган ишлаб чиқариш комплекси кўздан кечирилди. Асосан экспорт фаолияти билан шуғулланадиган, маҳсулотлари Россия ва Европа бозорларида серхаридор саналган мазкур корхонанинг келгусидаги режалари юзасидан фикр алмашилди.

– Оқтош шаҳарчасидаги “Ёшлар” кичик саноат зонасида жойлашган, “Шуҳрат” медали соҳиби Маҳфуза Гюмюш бошчилик қилаётган “Runam-teks” хорижий корхонасида тўрт юздан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминлангани гуруҳимиз эътиборини тортди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафаржон Худойбердиев. – Корхона йилига 1 миллион 200 минг тонна, 10 миллион долларлик қийматдаги трикотаж маҳсулотларини Россия давлатига экспорт қилаётгани таҳсинга сазовор. Қолаверса, калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган “FT textile group” масъулияти чекланган жамиятида аҳоли даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар эътирофга молик.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Хайрулло Ғаппоров раҳбарлигидаги парламент гуруҳи Чортоқ туманида ҳам бўлиб, биринчи галда Халқ депутатлари туман Кенгаши ҳамда ижро ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан мулоқотда муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Депутатлар туманда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини “Ash-shafi”, “Chortoq sadaf shifo”, “Chortoq mineral water” каби хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти мисолида яқиндан ўрганди.

Масалан, Бешкапа маҳалласида жойлашган “Ash-shafi” диагностика ва даволаш маркази тадбиркор Раҳматилло Боқибоев томонидан 50 сотих майдонда барпо қилинган. 250 ўринга мўлжалланган шифохонада ўнга яқин тиббий йўналишларда ташхис қўйиш ва даволаш учун барча шароит яратилган, дорихона ва лаборатория мавжуд. Замонавий тиббий, жарроҳлик амалиётлари учун ускуналар билан жиҳозланган шифохона фаолиятидан аҳоли бирдек мамнун. Мулоқот давомида тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳамда унга келган фуқароларнинг таклиф ва муаммолари тингланди.

Оромгоҳ маҳалласида умумий қиймати 7 миллиард сўмлик лойиҳа асосида бунёд қилинган “Chortoq sadaf shifo” сиҳатгоҳи МЧЖда диагностика, амбулатор-станционар шароитида даволаш ва бошқа муолажалар йўлга қўйилган. Эътиборлиси, кўркам ва шинам шифо масканида 35 та янги иш ўрни яратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат гуруҳнинг вилоятдаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири