Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
19:13 / 2016-03-03

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Мажлисда таъкидландики, мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат қилишга, ишни эркин танлаш ва қулай меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳага оид қонун ҳужжатлари изчил такомиллаштирилмоқда.

Янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар қайд этиб ўтдиларки, фуқароларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини янада мустаҳкамлаш зарурати бозор иқтисодиётининг изчил ривожланиши, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ислоҳотларнинг ҳуқуқий майдонини ривожлантириш билан боғлиқ.

Қонун лойиҳаси дастлаб қуйи палата қўмиталарининг аъзолари томонидан фуқаролик жамияти институтлари, меҳнат жамоаларининг вакиллари, мазкур соҳанинг мутахассислари иштирокида жойларда муҳокама қилинди, бу эса қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасидаги Демократик кучлар блоки ва мухолифат фракциялари мажлисларида ҳам бўлиб ўтди, мажлислар якунларига кўра мазкур ҳуқуқий ҳужжат бўйича уларнинг нуқтаи-назарлари шакллантирилди.

– Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида биз давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда белгиланган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратдик. Умумий принцип ва механизмларни белгиловчи нормалар мумкин қадар батафсил кўриб чиқилди, ҳавола қилувчи нормалар камайтирилди, – дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров. – “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қонун нормаларини янгидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари билан, шунингдек, бозор иқтисодиётининг, демократик ислоҳотларнинг замонавий талаблари билан мувофиқ ҳолга келтиришга, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ва меҳнатга оид қонун ҳужжатларини ривожлантиришга қаратилган. Қонунда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида давлат органларининг ваколатларини аниқ белгилаш, меҳнат шароитлари давлат экспертизасига доир талабларни ўрнатиш, иш ўринларининг аттестациясини ўтказиш, меҳнатни муҳофаза қилиш аудитини ташкил этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги талабларни бузганлик учун иш берувчи ва ходимларнинг жавобгарлигини кучайтириш назарда тутилган.

Муҳокама давомида депутатлар янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг қўлланилиши масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Кўриб чиқилаётган қонун меҳнатни муҳофаза қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асосга айланажаги таъкидлаб ўтилди.

Қайд этилдики, қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида уларнинг давлат бошқарувининг, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида таъсирчан муҳокамасини ташкил этишга катта эътибор қаратилди. Қонун ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида етакчи мутахассислар, олимлар, тегишли соҳалар амалиётчилари, фуқаролик институтларининг вакилларидан иборат Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг аъзолари фаол иштирок этдилар. Қонун лойиҳаларининг оммавий ахборот воситаларида муҳокамаси ташкил этилиб, бунда уларнинг моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик эътиборига етказилди.

Мажлис иштирокчилари ўтган йил декабрь ойида биринчи ўқишда қабул қилинган “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Демократик кучлар блокининг таклифига кўра янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Республикамизда бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан риоя этилишини, ушбу соҳада яхлит тизимни шакллантиришга доир вазифаларнинг самарали ҳал этилишини таъминловчи бухгалтерия ҳисоби тизимининг юзага келиши ва шаклланишининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилганлиги таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари таъкидладиларки, таклиф этилаётган янгиликлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Ишбилармоник муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Киритилаётган янгиликлар, шунингдек, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш борасида мансабдор шахсларнинг, бухгалтерия хизмати раҳбарларининг жавобгарлигини янада оширишга ёрдам беради. Қонун халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби тизимининг янада ривожланиши, иқтисодиётнинг ўсиши учун қўшимча шароит ва имкониятлар яратади.

– Айрим тушунчаларнинг ўз вақтида мустаҳкамлаб қўйилаётганлигини, хусусан, “бухгалтерия ҳисоби”, “бухгалтерия ахбороти” тушунчаларининг аниқ белгиланганлигини, бу эса бухгалтерия ҳисобини юритиш принципларини янада тўлиқ очишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтмоқчиман, – дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Тўхтабоев. – Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида Қонунчилик палатаси депутатлари, қўмиталари, депутатлар бирлашмалари, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, олимлар, экспертлар ва амалиётчи бухгалтерлар томонидан мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир 70 дан ортиқ таклифлар билдирилди. Уларнинг аксарияти қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида инобатга олинди. Қонуннинг янги таҳрири фракциялар, шунингдек, Демократик кучлар блоки ва мухолифат фракциялари мажлисларида муҳокама қилинди, уларнинг нуқтаи назарлари ишлаб чиқилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари республикамизда донорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулкдорлар, жамоат ташкилотларининг назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи “Табиий монополиялар тўғрисида”ги ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар.

Моддама-модда муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур қонун лойиҳаларини маъқулладилар.

Парламент қуйи палатаси аъзолари қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқадилар. Хусусан, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қонун нормаларини халқаро талабларга мувофиқ ҳолга келтиришни назарда тутади, бу эса истеъмолчилар ва давлатнинг маҳсулот, жараёнлар ва хизматлар хавфсизлиги соҳасидаги манфаатларининг ҳимоя қилинишини, маҳсулотни синаш ва ўлчаш халқаро услубларининг татбиқ этилишини таъминлайди.

Депутатлар “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши геология-қидирув ишлари самарадорлигини янада оширишга ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида рақобатли муҳитни яратишга, шунингдек, республикамизнинг минерал-хомашё базасидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини сифатли ижро этишга ёрдам беради.

Қонунчилик палатаси мажлисида, шунингдек, фаолиятнинг айрим соҳаларини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор бошқа қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Муҳокама якунларига кўра депутатлар қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳужжатларни кейинги ўқишга тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати