Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Наманган вилоятидан сайланган депутатлар ўз сайлов округлари ҳудудлари бўйлаб хизмат сафари давомида ўрганишлар олиб бормоқда.
Жумладан, парламент қуйи палатаси депутатлари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари Ҳилола Юсупова ва Одилжон Мамадалиевлар Наманган шаҳридаги қатор маҳаллалар, таълим ва тиббиёт муассасаларида бўлиб, соҳа ходимлари ҳамда фуқаролар билан мулоқот ўтказди.

Халқ ноиблари O’zLiDeP вилоят партия ташкилоти мутасаддилари ҳамроҳлигида вилоят марказида тадбиркор Наргизахон Холмирзаева томонидан ташкил этилган “Boos Baby” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишуви қизғин кечди.

Мазкур замонавий маскан 2-7 ёшдаги 50 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, эртамиз эгалари учун ҳар томонлама мукаммал тарбия ва таълим берадиган шароит яратилган.

Боғчада, энг аввало, болаларнинг она тилини чуқур ўрганишига катта эътибор қаратилгани қувонарли. Шу билан бир қаторга, рус ва инглиз тиллари, болалар гимнастикаси, ментал арифметика, шахмат тўгараклари ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Эътиборлиси шундаки, болалар нутқининг тўғри ривожланиши учун мактабгача таълим ташкилотида логопед мутахассис ҳам доимий равишда иш олиб боради.

Хотин - қизларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, уйда ўтирган аёлларнинг бандлигини таъминлаш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Айни шундан келиб чиққан ҳолда Наманган шаҳрида опа-сингилларимизни ишга жойлаштириш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, OʻzLiDeP фракцияси аъзоси Ҳилола Юсупова “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раиси Наргиза Муҳаммадиева ва Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари – шаҳар оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Абдураҳимовалар билан биргаликда Маърифат маҳалласида истиқомат қилувчи Нодира Умарова хонадонида бўлди.
Ташриф давомида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида касаначилик йўналишида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан самимий мулоқот ўтказилди. Суҳбат жараёнида улар томонидан амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган иш ўринлари ва оилалар даромадини ошириш борасидаги ютуқлар ҳақида фикр алмашилди.
Айниқса, касаначилик асосида йўлга қу́йилган тикувчилик фаолияти орқали хотин-қизлар иш жойига эга бўлгани, улар ўз ҳалол меҳнати орқали оилавий даромадни мустаҳкамлаб, фарзандлари таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА