Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар тадбиркорлар фаолияти билан танишди
23:18 / 2025-10-31

Жорий йил октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги депутатлар Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида тадбиркорлар, фермерлар ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Мазкур ташрифлардан кўзланган асосий мақсад — иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқишдир. Шу мақсадда ташкил этилган ишчи гуруҳ Мўйноқ туманида фаолият юритаётган “Mo‘ynoq mineral tuzi” ва “Mo‘ynoq Agro tekstil” масъулияти чекланган жамиятлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Депутатлар корхона раҳбарлари, ишчилар ва маҳаллий тадбиркорлар билан очиқ мулоқот олиб бориб, уларнинг фаолиятида учраётган муаммолари, таклиф ва ташаббусларини эшитишди.

Учрашувлар давомида ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий масалалардан бири сифатида транспорт ва логистика инфратузилмаси етарли даражада ривожланмагани таъкидланди. Айниқса, узоқ ҳудудларга маҳсулотларни етказиб беришда йўл сифатининг пастлиги ва мавсумий муаммолар сабабли харажатлар ошиши корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Депутатлар бу борада маҳаллий йўлларни таъмирлаш ва саноат зоналаригача логистика инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқиш таклифини билдиришди.

“Mo‘ynoq mineral tuzi” корхонасида 2 миллион 71 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция асосида ишлаб чиқариш қуввати кенгайтирилиб, юқори навли “экстра” туз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳозирда корхона ойига 2 минг 800–3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Шунинг натижасида 150 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз бозорларига, балки Грузия, Афғонистон ва Қозоғистон каби давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Корхона раҳбари таъкидлаганидек, ЎзЛиДеП депутатлари билан очиқ мулоқот тадбиркорлар учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки уларнинг фикр ва таклифлари асосида амалий ечимлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари 2023 йил декабрь ойида ишга тушган “Mo‘ynoq Agro tekstil” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишишди. Мазкур корхонада 50 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган бўлиб, асосан эркаклар учун махсус иш кийимлари тикилади. Тайёр маҳсулотлар Тошкент шаҳрига етказилиб, тендер асосида ички бозорга тарқатилади. Корхона раҳбари Каримулла Файзуллаевнинг таъкидлашича, фаолиятни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Мулоқотлар давомида ишчилар томонидан электр энергияси таъминотидаги узилишлар ва иш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Депутатлар бу масалаларни тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ўрганиб, барқарор энергия таъминотини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўриш ниятида эканликларини маълум қилишди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан солиқ мажбуриятларини енгиллаштириш, ҳисобот юритиш ва тўлов жараёнларини соддалаштириш, ишлаб чиқариш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.

Ўтказилган учрашувлар натижалари асосида фракция томонидан иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, кичик саноат зоналарини кенгайтириш, агробизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилади. Зеро партиянинг асосий вазифаси — тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни жойида ўрганиш ва ечим топишдир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири