Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Мазкур лойиҳада нодавлат суд экспертиза ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми ва уларга қўйиладиган талаблар, экспертлик фаолиятини методик таъминлаш ва тартибга солиш механизмлари, адвокатлар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари асосида шартнома асосида экспертиза ўтказиш имконияти, аккредитация ва валидация институтларини жорий этиш, суд-экспертиза муассасалари, экспертлар ҳамда услубиётлар рўйхатининг ягона давлат реестрини юритиш каби муҳим масалалар назарда тутилмоқда.

Қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси депутатлари мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида давлат ва нодавлат суд экспертиза марказларига ташриф буюриб, уларнинг имкониятлари билан танишдилар.
Хусусан, қўмита аъзолари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида бўлиб, 50 дан ортиқ экспертиза турлари билан танишдилар.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги Академияси Криминалистик экспертизалар кафедраси ҳамда “PROEX” нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ҳам бўлиб, экспертлар учун яратилган имкониятлар билан танишилди.
Ташриф давомида депутатлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, қонун лойиҳасининг амалда қўлланиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Қайд этиш лозим, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинса, суд-экспертиза тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, нодавлат экспертлик фаолиятини ривожлантириш имконияти кенгаяди.
М.Комилова, ЎзА