Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар сайловчилари ҳузурида
15:30 / 2026-01-09

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари шу кунларда ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашиб, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар ҳамда жорий йилга мўлжалланган ўз режалари ҳақида маълумот бермоқда.

Жумладан, 3-Сўзангарон сайлов округидан сайланган депутат Наргиза Абдуллаева Самарқанд шаҳридаги Чармгари маҳалласида “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда фаоллар билан учрашди.  

3400 нафарга яқин аҳоли яшаётган маҳаллада 960 оила бўлиб, ҳудуд жиноятчиликдан холи ҳисобланади. Ҳудудда бир қатор хизмат кўрсатиш корхоналари фаолият кўрсатади ва аҳолининг асосий қисми мазкур субъектларда меҳнат қилади. Шунингдек, тадбиркорлик, ҳунармандлик билан шуғулланадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.  

Депутат давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2026 йилнинг юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши кейинги йилларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.  

– Бу йил маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун жуда катта маблағ ажратилади, – деди Н.Абдуллаева. – Вилоятимизда ҳам ҳар бир туман ва шаҳарда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилаётган маҳаллалар танланиб, уларнинг инфратузилмасини янгилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш учун 5 миллиард сўмгача маблағ берилмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилади. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, 2030 йилгача барча маҳаллалар қиёфаси ўзгаради, замон талабларига мос турмуш шароити яратилади.  

Депутат маҳалла марказида ташкил этилган ва айни пайтда 25 нафар аёл доимий иш билан таъминланган “Чармгари” тикув корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона фаолиятини ривожлантириш юзасидан маҳалла фаоллари билан фикр алмашилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири