Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар Самарқанд шаҳрини кенгайтиришни маъқулладилар
15:58 / 2025-12-10

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдаги сессиясида Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларининг мавжуд маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманларининг шаҳарга туташ ҳудудларини Самарқанд шаҳрига қўшиш орқали уни бир миллионли шаҳарга айлантириш, аҳолининг урбанизация даражасини ошириш ишлари давом этишини таъкидлаган эди.  

Самарқанд шаҳар ҳудудини кенгайтириш бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар ва Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд, Тойлоқ туманлари Кенгашларининг сессияларида мазкур ҳудудлар чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган эди.  

Ушбу қарорларга кўра, Пастдаргом туманидан 1242 гектар майдон (7 та маҳалла, 20 минг аҳоли), Тойлоқдан 1266 гектар (8 маҳалла, 12 минг аҳоли), Самарқанд туманидан 13308 гектар (68 маҳалла, 235 минг аҳоли), Оқдарёдан 1411 гектар (2 маҳалла, 10 минг аҳоли) Самарқанд шаҳрига ўтказилади.  

Сессияда иштирок этган Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Наврўзжон Раҳмоновнинг қайд этишича, маъмурий-ҳудудий чегараларнинг ўзгариши натижасида шаҳар ҳудуди 28403 гектарга, аҳолиси эса 880 минг нафарга етади. Шаҳарнинг кенгайиши ва аҳоли сони ошиши одамлар учун замонавий инфратузилма ва қулай турмуш шароити яратиш, янги иш ўринлари очиш, ижтимоий соҳа муассасалари ташкил этиш, янги уй-жойлар қуриш каби узоқ муддатли дастурларни амалга оширишга асос бўлади. Ўз навбатида шаҳарнинг Пастдарғомга туташ саноат зонасидан 518 гектар ер майдони ушбу туманга ўтказилмоқда ва бу ҳудудда саноатни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири