Айни кунларда турли ташкилот ва идоралар, халқ вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқини ўрганиш ва ундан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаб олиш бўйича йиғилиш ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмиталарда мазкур дастуриламал нутқ атрофлича таҳлил этилиб, парламент қуйи палатаси ва депутатлар олдида турган келгусидаги вазифалар белгилаб олинмоқда.
“Адолат” СДП фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида дастуриламал нутқдан келиб чиқадиган фракция олдида турган долзарб вазифалар ҳақида сўз борар экан, бугун халқимиз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараётгани, фуқаролар ислоҳотларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўриш ва унда иштирок этишни истаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилиб, сайлов жараёнида у ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилгани қайд этилди.
– Ушбу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди, – деди Спикер ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова. – Биз халқ вакиллари юқоридагилардан келиб чиқиб, бундан буён сайловчилар билан учрашувларда аҳоли мурожаатлари билан қатъий ишлашга эътибор қаратишимиз лозим. Мурожаатларни назоратга олиш билан бирга, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда уларни тизимли равишда ҳал қилиш чораларини кўришимиз зарур.
Фракция йиғилишида одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, келгусида депутатларнинг маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилишида фаол иштирок этиши, албатта, жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.
Йиғилишда фракция аъзолари кўрилган масала юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Якунда давлатимиз раҳбарининг ушбу дастуриламал маърузасидан келиб чиқиб, “Адолат” СДП олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА