Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ва натижадорлигини ошириш, жараёнларнинг адолатли ҳамда шаффофлигини таъминлашда жамиятимизда шаклланган жамоатчилик назорати тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйишда фуқаролик жамиятлари институтлари қатори сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни бор. Бу борада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O‘zLiDeP томонидан амалга оширилаётган “O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари минбари” лойиҳаси ҳам таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга маълум даражада ҳисса қўшмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Андижон вилояти Молия-иқтисодиёт ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари мутасаддиларининг жорий йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Вилоят молия-иқтисодиёт бошқармаси шўъба мудири Азизбек Мадаминовнинг таъкидлашича, маҳаллий бюджет даромадларининг 2025 йил 5 ойлик прогноз кўрсаткичлари 106 фоизга бажарилган.
Шунингдек, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 4 та объектга жами 31,8 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, бугунги кун ҳолатига 4,8 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, ҳисоботда Андижон, Асака, Қорасув ва Шаҳрихон шаҳарларининг урбанизация даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси, электр тармоқларининг қурилиши, трансформаторларнинг ўрнатилиши, камбағал оилалар даромадини оширишга кўмаклашиш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Шундан сўнг Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси шўъба мудири Саидаҳрор Баҳодировнинг ахбороти эшитилди.

Ҳисоботда 2025 йил 1 январь ҳолатига 1 миллион 817 минг нафар меҳнат ресурси мавжудлиги айтиб ўтилди. Хусусан, вилоятдаги иқтисодий фаол 1 миллион 424 минг нафар аҳолидан 1 миллион 347 минг нафари ёки 94 фоизи иш билан бандлиги таъкидланди.
Бугунги кунда вилоятда ишсиз фуқаролар 77,2 минг нафарни ташкил этади. Умуман, ишсизлик даражаси 5,4 фоизни ташкил этиб, ўтган 2024 йилнинг бошига нисбатан 1,6 фоизга камайган.
Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги юқори маош тўловчи ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлган иш берувчиларни аниқлаш, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагидаги фуқароларни чет тиллари ва касбларга ўқитиш, ўргатиш, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар билан мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг муаммоларини ҳал этилишига кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди. Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган манзилли ижтимоий ёрдамлар бўйича амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар берилди.
Депутатлар томонидан ҳисоботлар, шунингдек, ҳар икки йўналишда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди, таклифлар берилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.