Юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатлар экологик муаммоларни бироз бўлса-да юмшатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳудудларда муайян ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Наманган вилоятида 160 та кўчатхонада 10 миллион 200 минг туп кўчат захираси мавжуд.
Шундан 1 миллион 909 минг туп манзарали, 4 миллион 291 минг туп мевали кўчатлардир. Вилоятда 2022 йил баҳор мавсумида “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш борасида 145,4 гектар ер майдонига мевали, манзарали дарахт ва буталар экилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Жиззах вилоятида кўчат экиш мавсумини самарали ташкил этиш учун 64,7 гектар майдонда 10 миллион 776 минг 600 туп, шундан кўчатлар 3 миллион 537 минг 700 туп, ниҳоллар 7 миллион 238 минг 900 туп захираси яратилган. 2022-2024 йиллар давомида 81,3 гектар ер майдонида “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, жорий йилда 35,4 гектар ер майдонида мазкур ишларни ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди. Унда депутатларнинг сайлов округларида олиб борган фаолияти якунлари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, фракция аъзолари сайлов округларидаги ўрганишлари давомида ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгилаб берилган ҳар бир топшириқ ва вазифаларнинг амалга оширилиши атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳрида “мобил эко патруллар” томонидан чиқиндилар билан боғлиқ 25 та, ўсимлик дунёсига зарар етказиш бўйича 4 та, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича 3 та қонунчилик талабларини бузиш ҳолатлари аниқлангани маълум бўлди.
Фракция аъзолари ўрганишлар жараёнида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюрди. Улар томонидан тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳамда ёшлар билан мулоқотлар ташкил этилди.

Хусусан, депутатлар томонидан 46 та маҳалла фуқаролар йиғини, 198 та хонадонга ташриф буюрилиб, 66 та учрашув ўтказилди. Уларда 2 минг 733 нафар фуқаро, шу жумладан 177 та тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди, 51 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан яқиндан танишилди.
Депутатлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган 150 та масала жойида ҳал этилди. Жумладан, 17 нафар фуқарони ишга жойлаштиришга кўмаклашилди, 10 нафар фуқарога тиббий хизматлардан фойдаланиш учун ёрдам кўрсатилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 нафар фуқарога моддий ёрдам ва имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам берилди.
Фракция йиғилишида, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА