Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Навоий вилоятида ўз ишини бошлади.
Ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили давлат хусусий шериклик асосида бунёд этилган Навоий шаҳридаги Беруний номли мактаб бўлди. Халқ вакиллари 2020 йил февралда ишга туширилган мактаб фаолияти, синф хоналарининг жиҳозланиши, яратилган 50 иш ўрни, мактабга қабул қилинган 150 ўқувчи учун яратилган шарт-шароитлар билан бир қаторда, муаммоли масалаларни ҳам ўрганди.
Мактаб директори Г.Жуманиёзова билан бўлган суҳбатда хусусий мактабларнинг афзаллик томонлари, бу соҳада эътиборни айнан нималарга қаратиш кераклиги ҳақида сўз борди. Мулоқот чоғида Г.Жуманиёзованинг иқтидорли ўқувчиларни синфдан синфга “сакратиш” зарурати туғилаётгани ҳақидаги фикрлари депутатларни қизиқтириб қўйди.
Халқ вакиллари томонидан ДХШ асосида ишга туширишга тайёрланаётган “ANGO MED” хусусий клиникаси билан боғлиқ вазият ўрганилганда, хусусий шерик томонидан 2,4 миллиард сўм инвестиция киритилиши режалаштирилган бўлишига қарамай, томонлар билан битим имзоланиши кечикаётгани ва кредит олишда тўсиқларга учраётгани аниқланди.
Бунинг оқибатида клиника қурилиш жараёни тўхтаб қолгани тадбиркорнинг шаштини сўндираётгани айтилди. Тадбиркор муаммоси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳамда Марказий банк мутасаддилари билан телефон орқали мулоқот олиб борилиб, шу жойнинг ўзида Қонунчилик палатаси депутатлари Д.Ғаниев, Н.Абдувалиев томонидан қатъий назоратга олинди.
Мазкур учрашувлар давомида депутатлар ёшларга ер ажратиш бўйича Кармана туманидаги “Файз Шоҳрух”, “Нарпай соҳибқирони” фермер хўжаликларида олиб борилаётган ишларни ўрганди. Суҳбат жараёнида ерлар “табличка”лар билан алоҳида белгилаб берилмагани, ёшлар таъсисчилигида кооперациялар ташкил этилмагани танқид қилинди.
Мазкур фермер хўжаликларидан ер эгалигини қўлга киритган 20 нафар ёш ҳеч қандай муаммолари йўқлигини ва ердан фойдаланишдаги режаларини ишчи гуруҳ аъзолари билан ўртоқлашди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.
ЎзА