Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар карантиндами, парламент-чи?
12:25 / 2020-04-12

Коронавирус кўпчиликни уйга “қамади“. Айни вақтда нисбатан хавфсиз ҳудуд ўз уйимиз бўлиб қолмоқда.


Коронавирус кўпчиликни уйга “қамади“. Айни вақтда нисбатан хавфсиз ҳудуд ўз уйимиз бўлиб қолмоқда. Аммо, баъзи касб эгалари — шифокорлар, новвойлар ва шу билан бирга, халқ вакили бўлган депутатлар ҳам иш фаолиятларини вақтинча тўхтата олмайдилар. Коронавирус эса парламент биносидан хавфсирамайди, у халқ вакилларини ҳам аямаслиги аниқ. Шундай мураккаб вазиятда дунё парламентлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қандай ишлашмоқда?

ИСПАНИЯ

Коронавирус тарқалиши бўйича иккинчи ўринда келаётган Испания депутатлар конгресси (парламентнинг қуйи палатаси) 12 март куни сессияларини икки ҳафтага қолдиришни маълум қилган эди. Ҳозирда Испания конгресси камчилик билан йиғилишларини ўтказмоқда ва коронавирусни енгиш бўйича чора-тадбирлар кўришда давом этмоқда. Конгресс барча расмий учрашувлар ва парламент ишидан ташқари тадбирларни бекор қилган. Парламентнинг ёши катта вакилларига уйда видеомулоқот орқали ишлаш тавсия этилган.

БУЮК БРИТАНИЯ

17 мартдан Буюк Британия парламенти ташқи ташрифлар, яъни мактаб ўқувчилари экскурсияси, пуллик ва бепул турлар учун буткул ёпилди. 20 мартдан эса Вестминстер залида дебатлар ўтказилиши тўхтатилди. Парламент аъзолари ва бошқа ходимларига уйдан туриб ишлаш тавсия этилди. Шу билан бирга, парламент биносига келиб ишлаш ҳам тақиқланмаган.

Парламент ва парламент делегацияларига коронавирус қайд этилган ҳудудларга бормаслик сўралган. Парламентнинг доимий йиғилишлари жадвали ҳам ўзгаришсиз қолдирилган.

photo_2020-04-12_12-03-54 (2).jpg

ПОЛЬША

Полшанинг қуйи палатаси — Сейм коронавирус тарқалиши кескинлашуви билан парламент биносига киришни чеклади. Унга фақат Сейм вакиллари, девон ходимлари кириши мумкин. Депутат, сенаторлар ва бошқа айрим ишчилар онлайн тизимга ўтказилди. Сеймга киришда барча гигиена чораларини кўриш тартиби ўрнатилди. Сеймнинг иш жадвали ҳам доимгидан қисқартирилган.

ГРУЗИЯ

Грузия парламенти ҳам коронавирусдан халқни сақлаш йўллари билан бирга депутатларни ҳимоя қилиш бўйича ҳам тадбирларни ишлаб чиқди.

Депутатлар учун алоҳида интервью бериш жойлари белгиланди. Бунда журналистлар ва депутатлар орасида маълум масофа сақланиши талаб қилинадиган бўлди. Сессияларга иккитадан ортиқ журналист ва операторлар жамоаси киритилмаслиги белгиланди. Йиғилиш ва бошқа тадбирлар давлат сайтида онлайн узатила бошланди ҳамда депутат ёки бошқа ходимларга ўз хоҳишига кўра, масофадан онлайн тизимда ишлашга рухсат этилди.

ЕВРОПАРЛАМЕНТ

Коронавируснинг Европада шиддат билан тарқалиши сабабли Европа парламенти вакилларига электрон почта орқали овоз беришга рухсат этилди. Овоз беришнинг бу тартиби 26 мартда бошланган бўлиб, у 31 июлга қадар давом этади. Ҳозирги кунда Европа парламентнинг 70 фоиз вакили ўз ишини масофадан давом эттирмоқда.

МИСР

Миср парламенти 29 мартдан буён тамомила карантинга чиққан эди. Парламент спикери Али Абд аль-Ал 29 март куни мамлакатда коронавируснинг авж олиб бориши билан шундай хулосага келган эди. 12 апрелдан Миср парламенти яна иш фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

photo_2020-04-12_12-03-52.jpg

ЎЗБЕКИСТОН

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари Дониёр Тўраевнинг маълумот беришича, Олий Мажлис кўплаб хорижий парламентлар сингари пандемия вақтида тўлиқ фаолият кўрсатиши учун барча зарур чораларни кўрган. Олий Мажлис палаталари йиғилишларни айрим чекловлар билан парламент аъзоларининг иштирокида ўтказишни давом эттирмоқда.

Ялпи мажлис, қўмита ва фракциялар йиғилишларининг сони қисқартирилган. Мазкур тадбирлар видеоконференцалоқа тарзида ўтказилмоқда. Шунингдек, парламент аъзолари ва Девон ходимларининг сони қисқартирилган. Баъзилари масофадан ишлаш усулига ўтди. Мажлислар ва бошқа парламент тадбирлари ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда.